Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 29/01/2026

Истеъмолчилар гиёҳванд моддаларга ойига 20−25 млн сўм сарфламоқда — президент

Ўтган йили Тошкентда 1500 дан ортиқ шахс гиёҳвандликка чалинган сифатида расмий рўйхатда турган. Бироқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчиларнинг ҳисобга олинмаган сони бундан ҳам юқори ва уларнинг аксарияти ёшлар. Бу ҳақда 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Улар гиёҳванд моддалар учун ойига ўртача 20−25 млн сўм сарфлашади ва пул қидириб жиноятга қўл уришлари ажабланарли эмас, деди президент. Унинг сўзларига кўра, 2025 йили мамлакат бўйича 64 киши гиёҳвандлик моддаси таъсири остида жиноят содир этган, бунда ҳар учинчи ҳолат Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Гиёҳвандликка нисбатан тоқатсизликни тарбиялаш

Давлат раҳбари гиёҳвандликка нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, мактабгача ва мактаб таълими, шунингдек, олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларида раҳбарнинг алоҳида ўринбосари лавозими жорий этилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳокимлар, олий ўқув юртлари ректорлари, техникум ва мактаб директорларининг ўринбосарларидан бири ушбу йўналиш учун масъул этиб тайинланади.

Президент гиёҳвандликни даволаш учун камида 4 ой вақт талаб этилишини таъкидлаб, давлат-хусусий шериклик асосида наркологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

2026 йилдан бошлаб гиёҳвандлик моддаларини аниқловчи экспресс-тестлардан оммавий фойдаланишни бошлаш ҳам режалаштирилган.

Мусодара қилинган синтетик гиёҳванд моддалар ҳажми 11 бараварга ошди

Шавкат Мирзиёев сўнгги 5 йил ичида Тошкентда мусодара қилинган синтетик гиёҳванд моддалар ҳажми 11 бараварга ошганини маълум қилди. Бундай моддаларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилмоқда, ҳисоб-китоблар эса криптовалютада амалга оширилмоқда. Мамлакат ичида нарколабораториялар очила бошлаган.

Президент қонунчиликда давлат органларининг бу соҳадаги вазифалари аниқ белгиланмаганини қайд этди.

У шунингдек, 1999 йилда қабул қилинган гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Наркотикларни назорат қилиш агентлигига огоҳлантириш

Давлат раҳбари Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фаолиятини танқид қилиб, унинг иши амалда фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолганини айтди.

Эндиликда идоранинг масъулияти кучайтирилади, у соҳага оид идоралар ишини мувофиқлаштириш, уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш ваколатларига эга бўлади. «Агентлик барча куч ва воситалар билан таъминланади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев агентлик раҳбари Равшан Маматовни, агар унинг ишида ўзгаришлар бўлмаса, эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирди.