Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 26/01/2026

«География эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди». СМТИ раҳбари — Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳақида

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар қандай ўзгарди ва Тошкент ўз минтақавий сиёсатида қайси тамойилларга амал қилмоқда? Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган экспертлар учрашувида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов сўзлаб берди. Форум Мартти Ахтисаари тинчлик жамғармаси томонидан Полшанинг Европа Иттифоқи Кенгашидаги раислиги ва Испания ТИВ билан ҳамкорликда ташкил этилди.

«Барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги онгли танлов»

Бундан 10 йил аввал Марказий Осиё жиддий чақириқларга дуч келган эди. Ҳал этилмаган чегара масалалари, ресурслардан фойдаланиш бўйича баҳслар ва жамиятлар ўртасидаги алоқаларнинг минимал даражада эканлиги минтақага салбий таъсир кўрсатган, деб хабар берди Элдор Арипов.

Бугунги кунда, унинг сўзларига кўра, минтақадаги вазият «тубдан ўзгарди». «Барча асосий баҳслар ҳал қилинди, чегаралар очиқ ва функционал ҳолатга келди, ўзаро ишонч даражаси эса сезиларли даражада ошди. Минтақавий савдо 5 бараварга, ўзаро инвестициялар ҳажми икки бараварга кўпайди. Ҳатто [коронавирус] пандемияси даврида ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳаётий муҳим товарларни етказиб бериш учун чегараларни очиқ сақлаб қолишди», — деди СМТИ директори.

У ижобий динамикани таъминлаган бир нечта асосий омилларни санаб ўтди. Улар орасида:

  • олий даражадаги сиёсий ирода — минтақа етакчиларининг барқарорлик ва тараққиёт фойдасига қилган онгли танлови;
  • мураккаб масалаларни ҳал қилишда — чегараларни делимитация қилишдан тортиб сув ресурсларини бошқаришгача бўлган прагматик ёндашув;
  • минтақа мамлакатларининг умумий тарихи ва ўзаро боғлиқлигини англаб етиши;
  • маҳаллий ҳамжамиятларнинг фаол роли — бунда тинчлик одамлар ўртасидаги алоқалар, трансчегаравий савдо ва туризм орқали мустаҳкамланди.

«География ўзгаргани йўқ — сиёсий тафаккур ўзгарди. Тинчлик мавҳум мақсад эмас, балки ривожланиш учун амалий зарурат сифатида қабул қилинди», — деб таъкидлади у.

«Афғонистоннинг яккаланиб қолиши барқарорликка хизмат қилмайди»

Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик жараёнида «инклюзив дипломатия» моделини танлади, деб қайд этди Элдор Арипов. Ушбу модель минтақавий жараёнларга барча манфаатдор томонларни ҳеч қандай олдиндан шартларсиз жалб қилиш тамойилига асосланган.

Афғонистон масаласида Тошкент ушбу мамлакатнинг яккаланиб қолиши барқарорлаштириш воситаси бўла олмаслиги ҳақидаги ишончдан келиб чиқади.

«Яккаланиш на модернизацияга, на барқарорликка хизмат қилади — аксинча, у экстремизм ва терроризм учун замин яратади», — деди.

Ўзбекистон Афғонистонда ва умуман минтақада барқарор тинчликнинг асосий омили сифатида иқтисодий интеграцияни ҳисоблайди. Элдор Арипов Термиздаги Халқаро савдо марказини мисол қилиб келтирди, у ерда афғон ва покистонлик тадбиркорлар визасиз режимда бизнес юритишлари мумкин. Бугунги кунда у ерда 200 дан ортиқ афғон корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Афғонистон ҳудудида саноат кластерини ташкил этиш режалаштирилган.

Марказий Осиёнинг глобал барқарорликни таъминлашдаги роли ҳақида гапирганда, СМТИ директори минтақанинг ҳиссаси тайёр ечимларни экспорт қилишда эмас, балки прагматик ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатиб беришда эканини таъкидлади.

«Минтақавий масъулият, иқтисодий интеграция ва прагматик ҳамкорлик дипломатик ва хавфсизлик чораларини тўлдиришга, уларнинг натижадорлигини оширишга қодир», — деди.