Аҳоли учун амалдаги газ ва электр энергияси тарифлари икки ой давомида ўзгармасдан қолади, агар улар олдиндан тўлов қилган бўлса. Тарифлар 2025 qbk 1 апрелдан ошиши кутилган эди, бироқ президент топшириғига кўра ҳукумат бу санани 2025 йил 1 майга кўчирди.
Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига кўра, нархлар ўзгарган тақдирда, аҳоли тоифасидаги истеъмолчилар олдиндан тўланган ҳажм учун қўшимча тўловдан озод қилинади, лекин бу муддат икки ойдан ошмаслиги керак. Бошқа истеъмолчилар (шу жумладан тадбиркорлар) учун бу муддат бир ойдан ошмаслиги белгиланган.
Бу шуни англатадики, агар олдиндан тўлов қилинса, аҳоли абонентлари учун эски тарифлар 1 июлгача амал қилади.
Мисол: Агар бир оила балансида олдиндан тўлов мавжуд ҳолда бир ойда 300 кВт·соат электр энергияси ишлатса, 200 кВт·соат учун тўлов 90 минг сўмни ташкил этади (450 сўмлик эски тариф бўйича), кейинги 100 кВт·соат учун ҳам 90 минг сўм тўланади (900 сўмлик икки баравар ошган тариф бўйича, у 1000 кВт·соатгача қўлланилади, кейин яна ошади). Агар олдиндан тўлов қилинмаса, май ойи учун 300 кВт·соат электр энергияси 220 минг сўмга (120 минг + 100 минг сўм) тушади.
Тарифлар қандай ўзгаради?
Тарифлар 2025 йил 1 апрелдан ошиши 2024 йил апрелдаги ҳукумат қарори билан белгиланган эди, бироқ юқорида таъкидланганидек, бу сана 2025 йил 1 майга кўчирилди.
Тарифларнинг биринчи босқичда ошиши 2024 йил май ойида амалга оширилган, ўшанда ижтимоий меъёрлар жорий этилган эди. Шу тариқа, аҳоли учун 1 кВт·соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий меъёр доирасида) нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5%) кўтарилган, 1 кубометр газ нархи эса 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) ошган. Истеъмол ҳажми ошган сари тариф ҳам бир неча баробарга кўтарилади.
Электр энергияси учун янги тарифлар (аҳоли)
- 200 кВт·соатгача истеъмолда — 450 сўмдан 600 сўмга (+33,3%)
- 201−1000 кВт·соат — 900 сўмдан 1000 сўмга
- 1001−5000 кВт·соат — 1350 сўмдан 1500 сўмга
- 5001−10000 кВт·соат — 1575 сўмдан 1750 сўмга
- 10 минг кВт·соатдан юқори — 1800 сўмдан 2000 сўмга
Кўп қаватли уйларда ва ётоқхоналарда электр плиталаридан фойдаланадиган аҳоли учун тарифлар
- 200 кВт·соатгача (ижтимоий меъёр) — 225 сўмдан 300 сўмга (+33,3%)
- 201−1000 кВт·соат — 450 сўмдан 500 сўмга
- 1001−5000 кВт·соат — 675 сўмдан 750 сўмга
- 5001−10000 кВт·соат — 787,5 сўмдан 875 сўмга
- 10 минг кВт·соатдан юқори — 900 сўмдан 1000 сўмга
Тадбиркорлар ва бошқа истеъмолчилар учун электр энергиясининг 1 кВт·соати 900 сўмдан 1000 сўмга (+11,1%) ошади.
Табиий газ учун янги тарифлар
- Барча истеъмолчилар учун — 1800 сўм/м³
- АГНКС (газ қуйиш шохобчаси) учун — 1800 сўмдан 2500 сўмга (+38,8%)
- Иссиқлик электр станциялари учун — 1800 сўм/м³
Қиш фасли (ноябрь−февраль) учун газ нархлари
- 500 м³ гача — 650 сўмдан 1000 сўмга
- 501−2500 м³ — 1800 сўм
- 2501−5000 м³ — 2100 сўм
- 5001−10000 м³ — 2500 сўм
- 10 минг м³дан юқори — 3000 сўм
Ёз фасли (март−октябрь) учун газ нархлари
- 100 м³ гача — 650 сўмдан 1000 сўмга
- 101−2500 м³ — 1800 сўм
- 2501−5000 м³ — 2100 сўм
- 5001−10000 м³ — 2500 сўм
- 10 минг м³дан юқори — 3000 сўм
Аҳоли учун суюлтирилган газ нархи 1 кг учун 1600 сўмдан 2000 сўмга (+25%) ошади.