Газ ва электр энергияси тарифларини ошириш май ойига қолдирилди

Газ ва электр энергияси учун янги тарифлар бир ойга кечиктирилиб (2025 йил 1 апрелдан амал қилиши режалаштирилган эди), 1 майдан кучга киради. Бу ҳақида 28 март куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Тарифларни ошириш муддатини аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кечиктириш бўйича кўрсатмани президент Шавкат Мирзиёев бергани маълум бўлди. Давлат раҳбари аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлашни топширди.

Тарифларни оширишнинг иккинчи босқичи аввал 2025 йил 1 апрелдан жорий этилиши режалаштирилган эди. Бу 2024 йил 16 апрелдаги ҳукумат қарорида назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Тарифларнинг биринчи босқичдаги оширилиши ўтган 2024 йилнинг май ойида амалга оширилган бўлиб, ўшанда ижтимоий истеъмол меъёрлари жорий этилган эди. Базавий (ижтимоий меъёр доирасидаги) тариф бўйича аҳоли учун 1 кВт·соат электр энергияси нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5%), 1 куб метр газ нархи эса 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) оширилган. Истеъмол ҳажми ошган ҳолда тариф бир неча баробар кўпаяди.

2025 йил 1 майдан бошлаб электр энергиясининг базавий тариф (ойига 200 кВт·соат доирасида) 33,3%га оширилиб, 450 сўмдан 600 сўмга кўтарилади. Газ нархи эса 53,8%га оширилиб, 650 сўмдан 1000 сўмга етказилади.