
Ўзбекистон ҳукумати тарифларнинг оширилиши ва аввалги баёнотларга қарамай, яқин йилларда газ нархларини субсидиялашни тўхтатишни режалаштирмаяпти. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026−2028 йилларга мўлжалланган Фискал стратегиядан келиб чиқади.
Хусусан, 2025 йилда давлат бюджетидан газ ишлаб чиқариш ёки сотиб олишнинг бозор нархи ва унинг ички бозордаги чакана нархлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун 7 трлн сўм ажратиш таклиф этилмоқда.
Бу аввалги Фискал стратегияда прогноз қилинганидан (6,4 трлн) кўпроқ.
2026 йилда газ субсидияларига 5,9 трлн сўм (дастлаб 4,5 трлн режалаштирилган), 2027 йилда — 5,5 трлн сўм (4,9 трлн сўм) ажратиш режалаштирилган.
Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2024 йилнинг декабрь ойида субсидия бериш амалиётини 2028 йилдан бошлаб тўхтатиш режалаштирилганини айтганди.
«Агар бу субсидиялар қачон тугашини сўрасангиз, 2025—2026 йилларда давом этади, 2027 йилда кескин камаяди, деб умид қиламан, 2028 йилдан бошлаб эса давлат бюджетидан субсидиялар берилиши тўхтатилади», — дея ишонтирган эди.
Бироқ, Фискал стратегиядан келиб чиқадиган бўлсак, 2028 йилда бу мақсадлар учун 5 трлн сўм ажратиш режалаштирилган.
Аввал газ, электр энергияси ва иссиқлик энергиясига берилган субсидиялар «иқтисодий харажатлар» бўлимида ҳисобга олинган. Энди улар «ижтимоий аҳамиятга эга субсидиялар» бўлимига ўтказилди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг тушунтиришича, Ўзбекистонда деярли барча энергия манбалари солиқ тўловчилар ҳисобидан субсидияланади. Энергетика компанияларининг самарасизлигидан (хусусан, ўзига хос рағбатлар билан боғлиқ) ташқари, бу муаммо жуда кўплаб аянчли оқибатларга эга. Улар янада кўпроқ субсидиялар ва тарифларнинг ошишига эришиш учун харажатлар ва тўлиқ ношаффофликни оширишдан манфаатдор.
Энергетика субсидиялари туфайли бошқа соҳалар (масалан, таълим ва соғлиқни сақлаш) бюджетдан маблағ ололмайди.
Шаффофликнинг йўқлиги ва тарифларнинг ошиши фонида субсидиялаш
Сўнгги йилларда энергетика соҳасида, айниқса, UzGasTrade компанияси орқали табиий газ импортида давлат субсидияларини тақсимлаш шаффофлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Газ нархидаги фарқни қоплаш учун катта бюджет маблағлари ажратилишига қарамай, бу субсидияларнинг якуний олувчилари, шунингдек, уларни тақсимлаш механизмлари ҳақидаги маълумотлар очиқ эмас. Хусусан, импорт ёки маҳаллий газ етказиб бериш компенсация қилинаётгани, субсидиялар аҳоли, бизнес ёки экспорт учун йўналтирилаётгани ва ким бенефициар эканига аниқлик киритилмаган.
Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги сўнгги йилларда UzGasTrade орқали ўтган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича текширув ўтказилган-ўтказилмагани ва уларнинг самарадорлигига тегишли баҳо берилган-берилмагани ҳақида изоҳ бермаган.
UzGasTrade 2023 йилнинг биринчи чорагидан буён корпоратив ахборот ягона порталида молиявий ҳисоботларни эълон қилмаяпти.
2022 йил июнь ойида собиқ депутат Расул Кушербаев Ўзбекистон маҳаллий ва хорижий компаниялардан ёқилғи сотиб олаётган газ нархларини маълум қилганди. У хорижий корхоналарнинг юқори нархларидан норозилигини билдириб, бундай ҳолат «ватанни эмас, пулни кўпроқ севадиган айрим амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари» билан боғлиқлигини айтган.
Собиқ депутат Дониёр Ғаниев ҳам 2024 йил июнь ойида энергетика соҳасидаги ислоҳотлар фақат биринчи босқичда тарифларни оширишдан иборат бўлиб қолиши ва «2−3 йилдан кейин ўз самарасини йўқотиши»дан хавотир билдирганди.
«Энди биз нархларни таннархига кўтараяпмиз, гўёки, лекин энергетика соҳасидаги бундай ношаффоф тизим билан таннарх яна икки баравар ошмаслигига ким кафолат беради», — деганди.
«Хусусий қазиб олувчи компаниядан газ қандай нархда сотиб олинади, давлат корхонасидан қандай нархда сотиб олинади, бу нархга кредитлар бўйича қандай операцион харажатлар киради, қандай йўқотишлар, самарасизлик, талон-торож, ўғрилик… афсуски, биз буни аниқ билмаймиз, шаффоф рақамлар йўқ. Биз улар тақдим этган рақамларга ишонишга мажбурмиз», — деганди Ғаниев.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги қарори билан 2026 йилдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар камида уч йил амал қилиши, яъни 2026 йилдан кейин улар камида уч йил давомида ўзгаришсиз қолиши керак эди.
Бироқ, 2025 йил апрель ойида ҳукумат 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 1 майдан бошлаб электр энергияси ва газ тарифларини инфляцияни ҳисобга олган ҳолда — 10% доирасида оширишга қарор қилди.