Гарвард университети Трамп маъмурияти устидан судга ариза берди

Гарвард университети АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини миллиардлаб долларлик субсидияларни музлатиб қўйгани учун судга берди. Бу ҳақида университет президенти Алан Гарбер баёнотида айтиб ўтилди. New York Times нашри бу даъвони “олий таълим ва президент ўртасидаги давом этаётган курашнинг жиддий авж олиши” деб атади.

«Биз молиялаштиришни музлатиш ноқонуний ва ҳукумат ваколатларидан чиқиб кетган деб ҳисоблаб, уни бекор қилиш учун судга даъво аризасини бердик», — деди Гарбер.

Гарвард президенти ўз баёнотида ҳукуматни университет устидан “ноқонуний назорат ўрнатишга уриниш”да айблади ва бу ҳаракатларнинг оқибатлари “жиддий ва узоқ муддатли” бўлишини таъкидлади.

Ўтган ҳафта Гарвард Трамп маъмуриятининг таълим сиёсатига ўзгартиришлар киритиш талаби рад этди. Оқ уй университетдан турлилик, тенглик ва инклюзивлик билан боғлиқ барча дастурларни ёпишни, талабалар ва ўқитувчилар ваколатларини қисқартиришни, айрим факультет ва дастурларга ташқи аудит ўтказишни, ҳамда қоидаларни бузган хорижий талабалар ҳақида федерал ҳукуматга дарҳол хабар беришни талаб қилган эди.

Бунинг жавобида ҳукумат университетнинг 2,2 миллиард доллардан ортиқ грант ва шартномаларини музлатиб қўйди, шунингдек, уни хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилди.

Трамп президентликка келганидан бери АҚШнинг етакчи университетларини антисемитизмга қарши чора кўрмасликда айблаб келади. Унинг фикрича, бу — Ғазо секторидаги уруш бошланганидан бери университет шаҳарчаларида ўтказилаётган Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларда акс этмоқда. Март ойида Трамп маъмурияти 60 та университетга ички сиёсатини ўзгартирмаса, молиявий ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилган эди.

Айрим университетлар, жумладан Колумбия ва Принстон университетларига маблағ ажратиш тўхтатилди, аммо Гарвард — биринчи бўлиб судга мурожаат қилган университет бўлди.

Гарвард даъвосида ҳукуматнинг федерал молиялаштиришни қайтариб олиш орқали университетда академик қарорлар қабул қилишни назорат қилишга уринаётгани айтилади. Даъвода молиялаштиришни кескин қисқартиришга дуч келган бошқа йирик Америка университетлари ҳам тилга олинади.

Университет Трамп маъмуриятининг ҳаракатлари “ноқонуний” эканини ва АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатиши — сўз эркинлигини кафолатловчи модда, шунингдек федерал қонун ва қарорларга зид эканини таъкидламоқда.

Даъвода таъкидланишича, ҳукумат антисемитизм муаммолари билан замонавий тиббиёт, фан, технология ва бошқа америкаликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, мамлакат муваффақиятига ҳисса қўшиш, хавфсизлигини таъминлаш ва Америка инновациялар соҳасида етакчи бўлиб қолишини таъминлашга қаратилган тадқиқотлар ўртасида ҳеч қандай мантиқий боғлиқликни топа олмаган.

Оқ уй вакили Харрисон Филдс университетнинг даъвосини изоҳлар экан, Гарвард каби муассасаларга берилаётган федерал ёрдам дастури “ўз ниҳоясига етаётганини” таъкидлади. Унга кўра, “солиқ тўловчилар маблағи — имтиёз ва Гарвард бу имтиёзни олиш учун зарур бўлган асосий шартларга риоя этмаяпти”, деб ёзади NYT.