
Президент қарори билан Ҳуршид Тўлқинбоевич Сотиев Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари – Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ушбу тайинловга қадар Ҳуршид Сотиев ФВВ штаби бошлиғи ўринбосари – Қутқарув кучларининг хизмат ва жанговар шайликни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. У аввал ҳам ФВВ тизимида турли лавозимларда фаолият юритган.
2023 йил май ойида ФВВ вазири ўринбосари ва Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш департаменти раҳбари лавозимида Мухтор Яшнарович Муҳиддинов ишлаб келган. Кейинчалик у Тошкент шаҳри ФВВ бошқармаси раҳбари этиб тайинланган.
ФВВ раҳбари ўринбосарлари сифатида 2018 йил августидан Шуҳрат Жўраев ва 2023 йил майидан Хуршид Алибоев фаолият юритган, лекин улар лавозимидан озод этилган.
Президент қарори билан яна бир вазир ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб Нуриддин Баҳриддинович Қодиров тайинланди.
У аввал Мудофаа вазирлиги тизимида турли лавозимларда хизмат қилган, тайинловга қадар Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
2025 йил 25 февраль куни Ботир Баҳромович Қудратхўжаев Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланди. Унгача у бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор лавозимида ишлаган. ФВВнинг аввалги раҳбари Абдулла Ҳамидуллаевич Қўлдошев бўлиб, у 2022 йил март ойида мазкур лавозимга тайинланган эди.