
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 июль куни фуқароларнинг истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш, жумладан, ҳар йили ўтказиладиган “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форумини таъсис этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Форум илғор ғояларни танлаш учун очиқ платформа бўлиши ва аҳолини “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ислоҳотларни амалга оширишга жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳужжатда таъкидланганидек, мазкур фармоннинг мақсади аҳолининг кенг қатламларини мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга жалб қилиш учун самарали механизмлар яратишдан иборат. Ёшларга, тадбиркорларга, мутахассисларга, фаол фуқароларга ва хориждаги ватандошларга алоҳида эътибор қаратилади.
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форуми ўтказилади. Унинг доирасида тўрт йўналиш бўйича ташаббуслар йиғилади ва саралаб олинади:
- халқчил ислоҳотлар ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш;
- технологиялар ва фанни ривожлантириш;
- илғор ғояларни танлаш тизимини яратиш;
- фуқаролар ва давлат ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш.
Ташаббуслар Менторлик кенгаши томонидан баҳоланади, ташкилий ишлар билан эса махсус қўмита шуғулланади. Танланган ғояларни амалга оширишга масъул вазирликлар Стратегик ислоҳотлар агентлиги мувофиқлаштирувида иш олиб боради. Агентлик, шунингдек, ташаббусларни тақдим этиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш ва лойиҳаларнинг боришини кўрсатиш учун рақамли хизмат – крауд-платформа ишлашини таъминлайди.
Форумга тайёргарлик жараёнида келиб тушган барча таклифлар дастлаб топ-50, сўнгра топ-10 рўйхатига киритиш учун танлаб олинади. Энг устуворлари президент иштирокидаги форумнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинади.
Муҳокамалар натижасида ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси шакллантирилади. Уларни қўллаб-қувватлаш учун грантлар, кредитлар ажратилиши, солиқ ва бошқа имтиёзлар тақдим этилиши мумкин.
Асосий рўйхатга киритилмаган ташаббуслар давлат дастурлари ёки тармоқ чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
Ташаббуслар ҳар йили 1 майдан 1 июлгача қабул қилинади. Муҳокама учун тақдим этиладиган ташаббуслар қуйидаги мезонларга мос келиши керак:
- долзарблик – жамиятда, тармоқда ёки соҳада мавжуд муаммоларни ҳал қилиш;
- ўзига хослик – ғоя инновацион, креатив бўлиши ва мавжуд ёндашувлардан фарқ қилиши, шунингдек, янги ечим таклиф этиши керак;
- мавжудлик – истиқболли ташаббусни муваффақиятли амалга ошириш учун етарли ҳажмдаги ресурслар, вақт ва имкониятларнинг мавжудлиги;
- самарадорлик – истиқболли ташаббус соҳага, тармоққа ёки жамиятга ижобий таъсир кўрсатиши керак.
2025 йилда Форум ўтказилиши Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса харажатлар давлат бюджетига киритилади. Шунингдек, ихтиёрий бадаллар ҳисобидан шаклланадиган форумнинг эндаумент-фонди ҳам тузилмоқда.
Ташаббусларни тижоратлаштириш ва молиялаштириш билан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, бошқа тижорат банклари ҳамда Фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси шуғулланади.
Танлаб олинган ташаббусларни амалга ошириш учун грантлар, кредитлар ажратилиши, шунингдек, солиқ, божхона ва бошқа рағбатлантирувчи чоралар қўлланилиши мумкин.