
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда электрон ҳисобварақ-фактураларнинг (ЭҲФ) хавфини автоматик баҳолаш тизими ишга туширилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Халқаро валюта фонди экспертлари билан ҳамкорликда тизимни жорий этиш Президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги фармони (ПФ-153) билан назарда тутилган.
Тизим ЭҲФ расмийлаштирилишида қоидабузарликлар юзага келиши эҳтимолини реал вақт режимида баҳолаш имконини беради. Бу солиқ маъмурчилигининг рақамли трансформациясида муҳим қадам бўлади ва яширин иқтисодиётга қарши курашишга ёрдам беради, дея қайд этади идора.
Ҳар бир шакллантирилаётган ЭҲФ яратилаётган босқичдаёқ автоматик тарзда таҳлил қилинади ва унга хавф даражаси белгиланади. Юқори хавф белгилари аниқланганда, етказиб берувчининг мақоми харидорда акс эттирилади — бу эҳтимол тутилган солиқ оқибатларини олдиндан баҳолаш ва контрагентни танлашда эҳтиёткорлик кўрсатиш имконини беради.
Ҳозирги босқичда тизим тест режимида ишламоқда ва солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилган қўпол хатоларни санкциялар қўлламаган ҳолда автоматик равишда аниқламоқда. 2026 йилдан бошлаб юқори хавф даражасига эга ЭҲФлар бўйича 2 та асосий шарт амал қилади:
- уларнинг улуши ҳисобот давридаги барча ЭҲФларнинг 10% идан ошмаслиги керак;
- улар бўйича ҚҚС ҳисобига ўтказилиши фақат сотувчи ёки харидор томонидан солиқ бюджетга тўлиқ тўлангандан сўнг мумкин бўлади.
2025 йил июль ойидан бошлаб Солиқ қўмитаси сайтида ЭҲФ расмийлаштирилишидаги қўпол қоидабузарликлар мисоллари эълон қилинмоқда. Аниқланган ҳолатлар орасида:
- Чорвачилик хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтган «Алфа» МЧЖ (номи ўзгартирилган), 96 млрд сўм ҚҚС билан 896 млрд сўмлик қора металл сотиш учун ЭҲФ ёзган;
- Нон маҳсулотлари билан шуғулланувчи «Омега» МЧЖ, тугатишга уринишдан сўнг тўсатдан металл маҳсулотлари бўйича 326 млрд сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган;
- Устав капитали 10 млн сўм бўлган ва фаолият юритмаган «Граф» МЧЖ тўрт кун ичида 4,1 млрд ҚҚС, жумладан, нархлар ошириб юборилган ҳолда (масалан, 1 кг бодринг 10 млн сўмдан) 38,5 млрд сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган.
2025 йил июль-сентябрь ойларидаги таҳлил натижаларига кўра, 27 нафар солиқ тўловчи иқтисодий мазмунга мос келмайдиган операцияларни амалга оширган, 281 та корхона эса 5,9 трлн сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган, шундан 706 млрд сўм ҚҚС ҳисобга ўтказилган.
Солиқ қўмитаси яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, виждонли солиқ тўловчиларни ҳимоя қилиш ва солиқ тизимида шаффофлик ва адолатни таъминлаш бўйича тизимли иш олиб борилаётганини таъкидламоқда. Бизнесга битимларни расмийлаштиришда солиқ хатарлари ва контрагентларни синчковлик билан баҳолаш тавсия этилади.
Қўмита аввалроқ норасмий иқтисодиётда иштирок этаётган ва шубҳали операцияларни амалга ошираётган 7522 та компания рўйхатини эълон қилган. Идора тадбиркорларни бундай контрагентлар билан ҳамкорлик қилиш хавфларидан огоҳлантирди.