«Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида Тошкентда Radisson меҳмонхонаси қурилади

Ёзда бузилган «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида тўрт юлдузли Radisson Chorsu меҳмонхонасини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 29 октябрь куни халқаро Radisson Hotel Group тармоғи MANAR Development девелоперлик компанияси билан меморандум имзолади.

MANAR Development тахминан 10 гектар майдонда Chorsu MANAR кўп функцияли мажмуасини қуришни режалаштирмоқда. Меҳмонхонадан ташқари, унга турар-жой бинолари, бизнес-марказ, дўконлар ва сайр қилиш жойлари киритилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн долларга баҳоланмоқда.

Radisson бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Дэвид Женкинснинг сўзларига кўра, Чорсу майдонидаги меҳмонхона тармоқнинг Тошкентдаги еттинчи объекти бўлади. У тахминан 3 гектар майдонни эгаллайди ва 29 қаватли асосий бинонинг дастлабки 14 қаватида жойлашади.

Меҳмонхона 230 та хонани ўз ичига олади. Меҳмонхона қисми устида эса 180 та квартира жойлашади. Мажмуа икки даражали ер ости автотураргоҳини ҳам ўз ичига олади ва пиёдалар ва тижорат зоналарига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади.

«Бизнинг стратегик мақсадимиз — Ўзбекистонда бренд иштирокини кенгайтириш. Тошкентнинг тарихий марказидаги Chorsu MANAR лойиҳаси миқёси, мақоми ва салоҳияти бўйича бизнинг мезонларимизга тўлиқ мос келади. Яқин йилларда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Чорвоқда ҳам меҳмонхоналар очишни режалаштирмоқдамиз», — дея таъкидлади у.

MANAR Development бош директори Даврон Файзиматов меҳмонхона қурилиши зарурлигини туристлар сонининг ўсиши билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, меҳмонхона хоналар танқислигини тўлдиради ва Тошкентнинг тарихий марказида замонавий туристик инфратузилмани шакллантиришга ёрдам беради.

«Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланмоқда, у билан бирга туризм сектори ҳам ўсмоқда. Сўнгги 7-8 йил ичида туристлар оқими икки баравар ошди. 2030 йилга бориб, биз туристлар сони йилига 30 миллионга яқинлашишини кутмоқдамиз. Ҳозирда Ўзбекистоннинг умумий хоналар фонди тахминан 70 мингта хонани ташкил этади, шундан қарийб 20 мингтаси Тошкентда жойлашган. Ўртача йиллик маълумотларга кўра, меҳмонхоналарнинг тўлиш даражаси 90% дан ошади», — дея тушунтирди.

Даврон Файзиматов меҳмонхона қурилиши турар-жой биноларини қуриш ишлари бошлангандан сўнг бошланишини, чунки меҳмонхонани лойиҳалаштириш кўпроқ вақт талаб қилишини айтди. Уларни декабрь ойида бошлаш режалаштирилган. Меҳмонхонанинг очилиши 2029 йил охиригача кутилмоқда, деди.