
Ўзбекистонда болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ҳужжат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 128−11-моддани (Болаларни ташиш ва болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузиш) киритишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, болаларни ташиш қоидаларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12,36 миллион сўм) миқдорида жарима солишга ҳамда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Агар ушбу ҳуқуқбузарлик ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёки муқаддам бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилса, БҲМнинг 50 баравари (20,6 миллион сўм) миқдорида жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш чорасини қўллаш таклиф этилмоқда.
Болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик жорий этилади. Бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима солиш таклиф қилинмоқда. Маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваригача ошиши мумкин.
Ҳужжатда қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганлар орасида болалар улуши юқорилигича қолмоқда (бунда авариялар статистикаси келтирилмаган). Бунинг сабабларидан бири сифатида вояга етмаганларни ташишда хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик кўрсатилган.
Бош прокуратуранинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун етарлича аниқ ва самарали жавобгарлик чоралари мавжуд эмас, бу эса уларнинг кенг тарқалишига замин яратмоқда.
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев берган шарҳида болаларни ташиш қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпинча хусусий ва оилавий боғчаларда аниқланаётганини маълум қилган. Хизмат маълумотларига кўра, 1-12 май кунлари мактабгача ёшдаги болаларни қоидабузарликлар билан ташиш бўйича 170 та ҳолат қайд этилган. Умумий ҳисобда ушбу машиналарда 3872 нафар бола бўлган — бу ўртача битта автомобилга 23 нафар боладан тўғри келишини англатади.
2026 йил май ойида Бухоро вилояти Ромитан туманида болаларни маст ҳолатда ташиган автобус ҳайдовчиси 3 та модда, жумладан, одам ташиш қоидаларини бузиш бўйича айбдор деб топилган эди. Ушбу моддада БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима кўзда тутилган. Суд жиноятлар мажмуи бўйича унга БҲМнинг 40 баравари, яъни 16,48 миллион сўм миқдорида жарима белгилаган.
Бундан аввал Навоий вилоятида ичида 14 нафар боғча тарбияланувчиси бўлган Matiz автомобили ЙТҲга учраган эди. Ҳайдовчи шифохонада вафот этган, барча болалар турли даражадаги жароҳатлар олиб, шифохонага ётқизилган.
Болаларни белгиланган меъёрдан ортиқ юклаб ташиш ҳолатлари бошқа ҳудудларда ҳам аниқланган. Сурхондарё вилоятида хусусий боғчанинг микроавтобусида 32 нафар бола, Сирдарё вилоятида Damas ҳайдовчиси 28 нафар тарбияланувчини, Наманганда эса 25 нафар болани олиб кетаётгани маълум бўлган. Бухоро вилоятида иккита Damas автомобилида 36 нафар бола бўлган — бирида 20 нафар ва иккинчисида 16 нафар.