Биржада фермерлар учун дизель ёқилғиси нархининг ўсиши чекланди

Ўзбекистонда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хом ашё биржасида (ЎзРТСБ) дизель ёқилғиси нархининг ўсишини чеклади. Бу ҳақида қўмита матбуот котиби Отабек Усмонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу чора баҳорги экиш мавсумида дизель ёқилғиси нархини барқарорлаштиришга қаратилган.

«26 февралдан бошлаб биржада алоҳида савдо секцияси ташкил этилди, у ерда фермер хўжаликлари дизель ёқилғисини кичик лотларда харид қилишлари мумкин. Бу секцияда бошланғич биржа баҳосидан 5% миқдорида чеклов ўрнатилди», — дейилади хабарда.

Шундай қилиб, нарх ўсиши бўйича чеклов фақат фермер хўжаликлари учун амал қилади.

Молиячи Отабек Бакиров аввалроқ баҳор мавсумида дизель ёқилғиси нархини ошириш мақсадида бозор иштирокчиларининг тил бириктириши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Сўнгги ҳафта давомида биржа савдоларида дизель ёқилғиси қарийб 10% га қимматлашди. 26 февралда унинг нархи 13,28 млн сўм/тоннага етди. Солиштириш учун: 20 февралда дизель ёқилғисининг ёпилиш нархи 12,53 млн сўм/тоннани ташкил этган.

Чакана савдода дизель ёқилғисининг бир литри 11,5−12 минг сўмгача етиб борган.

Дизель ёқилғиси фермерлар учун экин экиш, ҳосил йиғиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида асосий роль ўйнайди, чунки у кўплаб қишлоқ хўжалик техникалари ва ускуналарида (тракторлар, комбайнлар, генераторлар, насос станциялари) ишлатилади.

Дизель ёқилғиси нархининг ошиши қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қимматлашишига, фермер хўжаликлари рентабеллигининг пасайишига ва экиш ҳамда ҳосил йиғиш харажатларининг ошишига олиб келади.

Ўзбекистонда дизель ёқилғиси бир неча йирик корхоналарда ишлаб чиқарилади. Улар қаторига 2022 йил июнь ойи охирида дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришни бошлаган Uzbekistan GTL заводи, Бухоро нефть қайта ишлаш заводи ва Фарғона нефть қайта ишлаш заводи киради.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 6,3% га камайиб, 1,01 миллион тоннага нисбатан 948,9 минг тоннани ташкил этди. 2025 йилнинг январь ойида 33,2 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2023 йил январь ойига нисбатан 33,9% га кам.

Ишлаб чиқаришнинг камайиши фонида импорт кескин ошди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йили истеъмол учун мўлжалланган 411 минг тоннадан ортиқ дизель ёқилғиси импорт қилинган бўлиб, бу 2023 йилга (363,1 минг тонна) нисбатан 13,2% га ортган. Импорт қиймати 14% га ўсиб, 289,6 миллион доллардан 330,1 миллион долларга етди. 2025 йил январь ойида импорт қарийб 3 баравар ошиб, 16,6 минг тоннадан 48,7 минг тоннага, қиймат бўйича эса 13,4 миллион доллардан 36,8 миллион долларга етди.

Истеъмол учун мўлжалланган дизель ёқилғиси — бу фуқаролик ва тижорат транспорт воситаларида ҳамда қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва энергетика каби иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишлатиш учун мўлжалланган ёқилғи тури.