«Ухламасанг, ўлдираман». Тошкентда боғча ходимлари болага нисбатан зўравонлик қилгани учун ҳукм қилинди

Тошкентдаги «Жажжи ниҳоллар» хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси ва методисти 3 кун давомида боғча тарбияланувчисига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган, оқибатда бола олган жароҳатлардан вафот этган. «Газета.uz» 4 июль куни ҳукм чиқарган Тошкент шаҳар Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича суди қарорини ўрганиб чиқди.

Иш материалларига кўра, 2024 йил 9 декабрдан 11 декабргача методист Вазира Ғиёзова (1957 йилда туғилган) 2 ёшли Зубайрни (2022 йилда туғилган) овқат ейишдан бош тортгани учун қўллари билан бошига такроран урган. У болани кийимидан тортиб, полда судраган, қўлларини оёқлари билан ушлаб турган, ухлайдиган тўшагига улоқтирган. Бола йиғлаб ётганини кўриб, уни қаттиқ ушлаб, силкитган, яна улоқтириб, 3 кун давомида қийноққа солишни давом эттирган.

Бундан ташқари, суд қарорида қайд этилишича, айни шу кунларда тарбиячи Лайло Алимова ҳам болага нисбатан зўравонлик қилган. У кундузги уйқу вақтида ухламагани учун болани бир неча марта кўтариб, полга ташлаган. Тергов маълумотларига кўра, Алимова унинг оғзини чойшаб билан ёпишга уринган, бўғзидан бўғган, ётган ҳолатида белига тепган. Шунингдек, уни ташлаб юбориш билан таҳдид қилиб, танасининг бир қисмини деразадан чиқарган, сўнгра куч билан яна полга ташлаган. Бу ҳаракатлар боланинг ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатларига олиб келган.

Судда ҳар икки судланувчи ўз айбларини тўлиқ тан олди. Алимова жиноятни ғазаб ҳолатида содир этганини, қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик сўраган.

«2024 йил 11 декабрь куни одатдагидек соат 8:00 атрофида ишга келдим, гуруҳимга бириктирилган болаларни ота-оналаридан соғлом ҳолатда қабул қилиб олдим. Уларга нонушта бердим, сўнгра машғулот ўтказдим. Тушликда уларга овқат бериб, сўнгра ухлатишга ётқиздим», — деди Лайло Алимова суд мажлиси давомида.

Тарбиячи 2 ёшли Зубайрга нисбатан бир неча кун давомида шафқатсиз муносабатда бўлгани, бунинг оқибатида бола вафот этганини айтиб берди.

«Шу пайт Зубайр бошқа хонанинг эшиги ёнида туриб йиғларди, ўз жойига ётмасди. Мен жаҳлим чиқди ва уни 3 марта тепдим. Биринчи тепганимда у танаси билан деворга урилди. Кейин уни кўтариб, тўшагига улоқтирдим», — дея тан олди.

Кейинчалик, Алимованинг сўзларига кўра, хонага методист Вазира Ғиёзова кириб келган. У йиғлаётган болани кўриб, қўли билан урган, сўнгра уни кўтариб, каравотга ташлаган ва: «Ухламасанг, ўлдираман. Ухла», — деб айтган ва чиқиб кетган.

«Бироздан сўнг Зубайр яна ўрнидан турди. Мен жаҳлим чиқиб, келиб, унинг юзига кафтим билан урдим. 10-15 дақиқадан сўнг у яна бошини кўтарди. Мен унга ухлашни буюрдим ва юзига 2 марта урдим. Кейин ўз жойимга ўтириб, телефонда ўйнашни давом эттирдим», — деди тарбиячи.

2-3 дақиқадан сўнг у боланинг яна ухламаётганини кўриб, уни яна полдан кўтариб, тўшагига ташлади. Кейинроқ, Зубайр ҳали ҳам ухламаётган вақтда, у: «Ҳозир бўғаман сени», — деб таҳдид қилган ва яна улоқтирган. Бундай ҳаракатлар бир неча марта такрорланган.

«Соат тахминан 14:21 да мен унинг олдига стул қўйиб, ўтирдим ва: „Ухла, овозингни ўчир“, — дедим. У йиғлашни давом эттиргани учун мен унинг оғзига ўз чойшабини тиқдим, бир неча марта оғзини қўлим билан ёпдим, бўғдим ва юзига урдим», — дея давом эттирди Лайло Алимова.

Бола йиғлашни давом эттирди, шундан сўнг у уни куч билан полга ташлади. Зубайр кўзлари очиқ ва ҳаракатсиз ётганча қолди. Тарбиячи уни ҳожатхонага олиб бориб, юзини ювди ва яна ётқизди. Ҳаракат қилмаётганидан қўрқиб, у бошқа ходимларни чақирди. Улар биринчи ёрдам кўрсатишга уринишди, аммо бола ўзига келмади. Кейин тез ёрдам етиб келиб, уни шифохонага олиб кетди.

Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Зубайр 2024 йил 14 декабрда шифохонада вафот этди.

Судда боланинг отаси Б. Э. ҳам кўрсатма берди. У бола 2022 йил 2 декабрда туғилганини, турмуш ўртоғининг соғлиғи сабабли болани болалар боғчасига беришга тўғри келганини айтиб берди. 2024 йил 5 декабрдан бошлаб бола Олмазор туманидаги «Жажжи ниҳоллар» хусусий боғчасига қатнай бошлаган.

2024 йил 11 декабрь куни соат 16:00 да, ота ишда бўлган вақтида, унинг онаси қўнғироқ қилиб, Зубайр боғчада йиқилиб, шифохонада эканини айтган. У дарҳол Юнусобод тумани 5-сонли касалхонага борган ва ўғлини реанимацияда кўрган: у ҳаракатсиз, кўзлари очиқ ва оғир аҳволда бўлган. Шифокорлар уни бошқа клиникага ўтказишни тавсия қилган.

Зубайр тез ёрдам машинасида 16-сонли касалхонага олиб борилган, у ерда дарҳол реанимацияга ётқизилган. Шифокорлар унда учинчи даражали кома ташхисини қўйиб, бола нафас олмаётганини ва сунъий нафас бериш аппаратига уланганини қайд этишган. Отасининг сўзларига кўра, у ўғлининг пешонасида кўкаришлар ва зарба изларини кўрган ва аввалига у зинапоядан йиқилган деб ўйлаган.

Бироқ, 2024 йил 14 декабрда Зубайр ўзига келмай, шифохонада вафот этди.

Судда боланинг отаси ўғлининг ўлимига боғча ходимлари — Лайло Алимова ва Вазира Ғиёзованинг ноқонуний ҳаракатлари сабаб бўлганини билдирди.

Хусусан, у фожиадан бир кун олдин, 10 декабрда Зубайрнинг бувиси унга қўнғироқ қилиб, боланинг аҳволи ёмонлашгани ва қусаётганини айтганини айтиб берди. Уйга келиб, у ўғлининг юзининг чап томони кўкарганини, бўйнида тирналишлар борлигини аниқлаган. У боғча ходимларига мурожаат қилганида, улар жароҳатларни боланинг гўёки мебелга урилгани билан изоҳлаганлар. Бироқ кейинчалик болани тарбиячилар калтаклагани маълум бўлди.

Судда эркак Алимова ва Ғиёзова учун максимал даражада қаттиқ жазо тайинлашни сўради.

Ҳукм

Суд ҳукмига кўра, тарбиячи Лайло Алимова Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган / 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Енгиллаштирувчи ҳолатларни — «унинг пушаймонлиги, айбини тан олиши, судланмаганлиги, шунингдек, аёл киши эканлигини» инобатга олган ҳолда, суд ЖКнинг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади ва уни 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди.

Методист Вазира Ғиёзова Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандларида (вояга етмаган шахсни қийнаш; айбдорга аён бўлган ҳолда ожиз аҳволда бўлган шахсни қийнаш / 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) назарда тутилган жиноятда айбдор деб топилди ва 3 йил муддатга озодликни чеклашга ҳукм қилинди.

Жазо тайинлашда суд судланувчининг айбини тан олгани ва қилмишидан пушаймонлиги, унинг шахси, судланмаганлиги, аёл киши эканлиги, ёши — 67 ёшдан ошганлиги, оилавий аҳволи, шунингдек, жиноятнинг ёш болага нисбатан алоҳида шафқатсизлик билан содир этилгани ва жабрланувчининг қонуний вакилининг қонун доирасида жазо тайинлашни сўраган фикрини инобатга олди.