2024 йилда газ ва нефть қазиб олиш, бензин ишлаб чиқариш қисқарди

Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида 2024 йилда газ қазиб олиш 2,1 млрд кубометрга камайди. Бу ҳақида Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботида келтирилган, деб ёзади «Газета.uz».

Газ

2024 йил январь-декабрь ойларида табиий газ қазиб олиш ҳажми тахминан 44,6 млрд кубометрни ташкил этди. Бу 2023 йил (46,7 млрд) билан солиштирганда 4,5% кам. 2019 йил (59,4 млрд) билан таққослаганда эса пасайиш 14,9 млрд кубометрни ташкил қилди. Бу 2023 йилда аҳоли томонидан истеъмол қилинган газнинг қарийб 75% ҳажмига тенг.

2025 йил январь ойида газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3% га камайиб, 3,87 млрд кубометрга етди.

Газ ишлаб чиқаришнинг камайиши сўнгги бир неча йил давомида кузатилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясининг 70−80% газ ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади.

Электр энергияси

Катта ва кичик корхоналар томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 12 ой ичида 4,7% га (3,6 млрд) ўсиб, 77,7 млрд кВт·с дан 81,3 млрд кВт·с га етди.

Газ, кўмир ва ГЭСда ишловчи йирик энергия таъминоти корхоналарида 2024 йилда электр ишлаб чиқариш 70,8 млрд кВт·с ни ташкил этди. Бу 2023 йилдаги 76,9 млрд кВт·с дан 6,15 млрд кВт·с (-8%) кам.

Йўқотишлар кичик корхоналар (шу жумладан қуёш ва шамол электр станциялари) ҳисобига қопланмоқда. Уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 12,9% га етди, умумий ҳажм эса 10,5 млрд кВт·с ни ташкил этди.

2025 йил январь ойида электр энергияси ишлаб чиқариш 2024 йилнинг январь ойига нисбатан 4,3% га камайиб, 7,6 млрд кВт·с дан 7,25 млрд кВт·с га тушди. Бу асосан йирик станцияларда ишлаб чиқаришнинг 17,9% га камайиши (5,8 млрд кВт·с) билан боғлиқ. Кичик станцияларда ишлаб чиқариш қарийб уч баробар ошиб, 515,3 млн кВт·с дан 1,46 млрд кВт·с га етган бўлса-да, умумий тушишни қоплай олмади.

Нефть

2024 йили нефть қазиб олиш ҳажми 713,4 минг тоннани ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 7,4% (56,7 минг тонна) кам. Ушбу ҳажм Ўзбекистонда бир ойда истеъмол қилинган ёқилғи миқдорига тенг.

2025 йил январь ойида нефть ишлаб чиқариш 8,9% га камайиб, 55,1 минг тоннани ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5400 тонна кам.

Бензин

2024 йили 1,28 млн тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди. Бу 2023 йилдаги 1,33 млн тоннадан 3,8% га, ёки 51 минг тоннага кам.

2025 йил январь ойида бензин ишлаб чиқариш 20,5% га камайиб, 124,6 минг тоннадан 99 минг тоннага тушди. 2024 йил декабрь (-18,1%) ва ноябрь ойлари (-12,4%) ҳам пасайиш кузатилган.

Дизель

2024 йили дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 6,3% га камайиб, 1,01 млн тоннадан 948,9 минг тоннага тушди.

Ойлик солиштиришда ноябрь (-37,1% 2024 йил ноябрига нисбатан), декабрь (-50,1%) ва 2025 йил январь (-33,9%) ойларида кескин тушиш кузатилди. 2025 йил январида 33,2 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди.

Декабрь ойи бошида Spot хабар беришича, давлат компанияси томонидан 3,42 млрд долларга қурилган Uzbekistan GTL дизель ишлаб чиқариш корхонаси таъмирлаш учун ёпилган. S&P Global Ratings рейтинг агентлиги завод «ҳозирда техник хизмат кўрсатиш жараёнида» эканини ва 2025 йил биринчи чораги охирида ишга туширилиши кутилганини маълум қилган.

Кўмир

Йиллик кўмир қазиб олиш ҳажми рекорд даражада 8,17 млн тоннани ташкил қилди. Бу 2023 йилга нисбатан 32% га кўп.

2024 йил декабрь ойида 837,5 минг тонна кўмир ишлаб чиқарилди (2023 йил декабрига нисбатан 1,8 баробар кўп), ноябрда эса 984,5 минг тонна (1,6 баробар кўп). 2025 йил январь ойида эса қазиб олиш 14,3% га ўсиб, 408,8 минг тоннани ташкил қилди.

«Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра, 2030 йилгача газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд кубометрга етказиш режалаштирилган (сўнгги йилларда камайиш кузатилмоқда). Агар Ўстюрт минтақасида геологик қидирув ишлари кутилган натижани бермаса, ушбу йилга келиб газ импорти 10−11 млрд кубометрга етиши мумкин, деб маълум қилган эди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.