Коста-Рика ҳукумати АҚШдан депортация қилинган Марказий Осиё ва Ҳиндистон фуқароларидан 200 нафарини қабул қилишга рози бўлди. Улар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслардир, деб ёзади New York Times.
«Коста-Рика ҳукумати АҚШ билан 200 ноқонуний мигрантларни ўз ватанига қайтариш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Улар Марказий Осиё ва Ҳиндистон фуқароларидир», — дейилади Коста-Рика президенти маъмурияти баёнотида.
Коста-Рика президенти Родриго Чавеснинг сўзларига кўра, депортация қилинганлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам бор. Уларни Коста-Рикадаги мигрантларни сақлаш марказида олти ҳафтагача ушлаб туриш режалаштирилган, шундан сўнг улар репатриация қилинади. Ушбу шахсларга муассаса ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланади.
Коста-Рика президенти маъмурияти таъкидлашича, депортация қилинганларнинг репатриация жараёни тўлиқ АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва БМТ қошидаги Халқаро миграция ташкилоти назорати остида амалга оширилади.
NBC News хабарига кўра, АҚШдан Коста-Рикага илк депортация рейси 2025 йил 20 февраль куни йўлга чиқди ва куннинг иккинчи ярмида мамлакатга етиб бориши кутилмоқда. Телеканал маълумотига кўра, самолётда 135 ноқонуний мигрант бор, уларнинг деярли ярми — вояга етмаганлар. Қолаверса, депортация қилинганлар орасида ҳеч бўлмаганда икки ҳомиладор аёл ҳам бор.
Коста-Рика ички ишлар вазири ўринбосари Омер Бадилланинг маълум қилишича, бу рейсда шунингдек Тожикистон, Вьетнам, Грузия ва Озарбайжон фуқаролари ҳам бор. Унинг таъкидлашича, депортация қилинганларнинг шахсий ҳолатлари диққат билан ўрганилади ва уларнинг ўз мамлакатларида ҳаётига хавф туғилмаслигига ишонч ҳосил қилинади. Баъзи шахслар Коста-Рикада қочқин мақомини сўраш имкониятига эга бўлади.
Ўтган ҳафтада Панама ҳам АҚШдан депортация рейсларини қабул қилди. Учта самолётда Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадан келган ноқонуний мигрантлар юборилди.