АОКАнинг ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари «Ўзкомназорат»га ўтказилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 июль куни давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, фаоллик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар берди Адлия вазирлигининг Telegram-канали.

Ҳужжат Президент Администрациясининг янгиланган тузилмасини назарда тутади, аммо илованинг ўзи оммавий фойдаланиш учун мавжуд эмас.

Фармонга кўра, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тугатилди. Унинг ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги АКТ соҳасида назорат бўйича инспекцияси («Ўзкомназорат»)га ўтказилмоқда.

Илгари АОКА ҳузурида бўлган Оммавий коммуникациялар масалалари маркази Президент Администрацияси (ПА) тасарруфига ўтказилди.

Аввалроқ, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ушбу фармон билан АОКА негизида Миллий контент ишлаб чиқариш маркази ташкил этилишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди.

Президент Администрацияси матбуот хизмати медиамаркази негизида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бошқарув самарадорлиги агентлигига айлантирилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Президент Администрацияси тасарруфига ўтказилди.

2025 йил 1 сентябрга қадар қуйидагиларга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди:

  • Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • бюрократик тўсиқлар ва такрорланувчи назорат функцияларини бартараф этиш;
  • қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш;
  • ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш масалаларида маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатларини кенгайтириш.

Айнан шу фармонда Президент Администрацияси ва унинг тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, штатлар сони 284 тага қисқартирилади. Шунингдек, ПА раҳбарининг 5 та ўринбосари лавозими киритилмоқда, янги департаментлар, жумладан жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, шунингдек рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаментлар ташкил этилмоқда.