
Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида бўлиб, Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишининг бориши билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шаҳарчанинг биринчи ғишти 2022 йил август ойида қўйилган эди. Шу вақтга қадар муҳандислик тармоқлари ётқизилиб, 1773 хонадонга мўлжалланган 72 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Жорий йилда яна 1000 хонадонга мўлжалланган 28 та уй қурилиши режалаштирилган. Шаҳарчада жами 5000 дан ортиқ турар жой бўлади.
Шаҳарча Урганч халқаро аэропорти яқинидаги 130 гектардан ортиқ майдонда барпо этилмоқда. Шаҳарчанинг марказий қисмида буюк олим Ал-Хоразмийнинг ҳайкали ўрнатилади.
Президентга ёдгорликнинг концепцияси тақдим этилди. Ҳайкал шаҳарча ҳудудида барпо этилаётган 20 гектарлик паркнинг кириш қисмига ўрнатилади. Унинг баландлиги 22 метрни, постаменти билан бирга 30 метрдан балан бўлади.
Масъул шахсларга ёдгорлик лойиҳасини ҳам архитектуравий, ҳам мазмуний жиҳатдан такомиллаштириш, шунингдек, шаҳарчадаги яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Куни кеча Президент Ал-Хоразмий университетини ва унинг қошидаги ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ушбу объектлар ҳам шаҳарчада жойлашади.
Бундан ташқари, Ал-Хоразмий шаҳарчасида технопарк ва офис бинолари, тиббиёт ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаблар ва болалар боғчалари, спорт комплекслари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳам барпо этилади.