Урганчда Ал-Хоразмий номидаги университет ташкил этилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 апрель куни муҳандислик ва IT соҳаларида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Университетни ташкил этиш режаси аввалроқ президентга тақдим этилган эди.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида очиладиган университет 3 та факультетдан иборат бўлади: математика ва информатика, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги, шунингдек, сунъий интеллект факультети. Олий ўқув юрти иқтисодиёт, ахборот технологиялари, саноат, хавфсизлик, энергетика ва экология каби соҳалар учун мутахассислар тайёрлайди.

Университетда илмий-тадқиқот ишлари ривожлантирилади ва халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади.

Университетда ўқитиш ўзбек ва инглиз тилларида кредит-модуль тизими асосида олиб борилади. Ўқув жараёни “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси ва БАА, Хитой ва Буюк Британиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Талабаларни қабул қилиш 2025/2026 ўқув йилидан бошланиши режалаштирилган. Талабаларнинг умумий сони 4000-6000 нафар атрофида бўлиши кутилмоқда. Таълим жараёни давлат грантлари асосида ҳам, тўлов-контракт асосида ҳам амалга оширилади.

Университет 2022 йил август ойида қурилиши бошланган Ал-Хоразмий шаҳарчаси ҳудудида жойлашади.

Шунингдек, ушбу шаҳарчада Тошкентдаги Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги мактабнинг филиали очилади, унга 4-синф битирувчилари танлов асосида қабул қилинади. Таълим жараёни STEM модели бўйича етти йиллик дастур асосида ташкил этилади. Биринчи беш йил давомида ўқувчиларда физика, математика, информатика ва инглиз тили фанлари бўйича фундаментал билимларни шакллантиришга, кейинги икки йилда эса муҳандисликка бошланғич тайёргарликка устувор аҳамият берилади. Ўқувчиларни саралаш математика ва информатика фанлари бўйича қобилиятга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан амалга оширилади.

Университет биносининг ўзида В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали жойлашади, у ерда талабаларни ҳар бир илмий ходимга бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали Урганч давлат университетига қўшилади.