
Ўзбекистон Жиззах вилоятида атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини кузатиб бориш учун Беларусдан мутахассисларни жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 6 апрель куни Минскда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов Беларусь бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан музокаралар ўтказди. Томонлар Беларусь АЭСни қуриш ва истифода этиш тажрибаси, шунингдек, замонавий ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга Островец йўлдош шаҳрини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон делегацияси Беларусь мутахассисларини Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси учун техник маслаҳатчи сифатида жалб қилишни таклиф этди. Шунингдек, уларнинг ижтимоий объектлар қурилишида экспертлик кўмаги ва Жиззах вилоятидаги атомчилар шаҳарчасини ривожлантиришда иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Беларусь томони ташаббусни қўллаб-қувватлашга ва атом соҳаси учун инфратузилма яратиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди. Музокаралар якунида томонлар Беларусь амалиётини бевосита объектларда ўрганишни давом эттиришга келишиб олдилар.
7 апрель куни ҳукумат делегацияси Островецга ташриф буюриб, шаҳар инфратузилмаси ва Беларусь АЭС майдончаси билан танишди. Беларусь бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич Беларусь қурилиш ва эксплуатация ташкилотларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этишини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида Очилбой Раматов Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасининг танқидчилари ҳали ҳам сезиларли даражада эканини қайд этди.
«Ҳақиқатан ҳам биз атом электр станцияларини қурмоқчимиз. „Росатом“ пудратчи бўлади. Бизда ҳам қаердадир, агар адашмасам, 2400 МВт? 2110 МВт қувват. Фориш туманида қурилади — энг чекка жой. Лекин сиз ўзингиз айтганингиздек, бизда ҳам рақиблар жуда кўп ҳали. Аммо бугунги кунда бизда электр энергияси, қувват етарли, лекин келажакда истиқбол учун яна керак бўлади», — деди.
Бош вазир ўринбосари бугунги кунда истеъмол тахминан 15 ГВт соатни ташкил этишини таъкидлади (статистика маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича ишлаб чиқариш 86,7 минг ГВт соатни ташкил этган, истеъмол 73,1 ГВт соат атрофида бўлиши кутилган эди).
«Биз бугун Ўзбекистонда тахминан 15000 МВт соат электр энергияси истеъмол қиляпмиз. Бугунги кунда эҳтиёж пайдо бўлди ва атом электр станциясини қуриш учун шароитлар яратилмоқда. Пулимиз бор, қурамиз, лекин бизга албатта мутахассислар керак. Муҳтарам Шавкат Миромонович [Мирзиёев], мамлакатимиз президенти Беларусдан мутахассисларни жалб қилишимиз кераклигини айтдилар. Бизга бизга тушунтириб берадиган нейтрал мутахассислар керак. Сизларда жуда юқори малакали мутахассислар борлигини биламиз. Энг муҳими — ҳамманинг кўнгли очиқ, ёрдам берасизлар, деб ўйлаймиз», — деди Раматов.
2026 йил 24 март куни Жиззах вилоятидаги атом станцияси майдончасида реактор биноси остида илк бетон ишлари бошланди.
Лойиҳанинг янгиланган конфигурациясига кўра, у битта майдончада жойлашадиган тўртта энергия блокини ўз ичига олади: иккитаси ВВЭР-1000 реакторлари (ҳар бири 1 ГВт) ва иккитаси ҳар бири 55 МВт бўлган РИТМ-200Н реакторлари билан. Тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг, станция йилига тахминан 15,4 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин бўлади — бу мамлакатдаги жорий истеъмолнинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этади.
2025 йил сентябрь охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак атом станцияси конфигурациясини белгиловчи ҳужжатларни имзоладилар. Томонлар, шунингдек, реакторлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича келишиб олдилар. Энергия блокларини ишга тушириш 2029—2035 йилларга мўлжалланган. Кичик ва йирик АЭСнинг бир вақтда жойлаштирилиши ҳисобига «МВт соат нуқтаи назаридан энг тежамкор вариант» кутилмоқда.
Жиззах вилоятида кичик атом станцияси қурилиши давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади, деб маълум қилди октябрь ойида Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича дирекция раҳбари Абдужамил Калмуратов. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд доллардан ошмайди, якуний сумма эса шартномада қайд этилади.
Кичик АЭС асосида атом музёрар кемаларида қўлланилган РИТМ-200Н сув-сувли ядро реактори ётади, бироқ ушбу реакторлар билан жиҳозланган қуруқликдаги АЭС ҳали қурилмаган ва референт (синовдан ўтган) ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон битта майдончада бир вақтнинг ўзида ҳам кичик, ҳам йирик АЭС жойлаштириладиган дунёдаги биринчи давлатга айланади.