
Тошкентда ноқонуний диний дарслар ташкил этишда гумонланаётган 34 ёшли Қашқадарё вилоятида туғилган шахс қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
У Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида турар жой биносини ижарага олиб, 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган тўққиз нафар болага пул эвазига таълим берган.
Ушбу шахснинг ўзи пойтахтдаги нодавлат олий ўқув юртларидан бирининг иккинчи босқич талабаси бўлган.
ДХХ маълумотларига кўра, болалар билан машғулотлар мажбурий тарзда ўтказилган, айрим ҳолларда уларга тан жароҳати етказилган. Бундан ташқари, ушбу болаларнинг олти нафари 2 ойдан 8 ойгача бўлган давр мобайнида мактабдаги дарсларга қатнашмаган ва уйда мажбуран ушлаб турилган, уларга кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмаган.
Тинтув давомида диний мазмундаги 49 та китоб, диний ўқув материаллари ёзилган 24 та дафтар ва битта ноутбук мусодара қилинди.
«Устоз»га нисбатан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси 2-қисми (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Болаларини «ўқиш»га берган ота-оналарга нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ушбу талабанинг олийгоҳдаги ўқитувчиси ҳам Янгиҳаёт туманидаги ижарага олинган хонадонда болалар учун ноқонуний диний машғулотлар ўтказиб келгани маълум бўлди.
Бу иш билан 39 ёшли эркак ва унинг рафиқаси шуғулланган. Улар 8 ёшдан 17 ёшгача бўлган беш нафар болага дарс берган, улар орасида Тожикистон фуқаросининг фарзанди ҳам бўлган.
Ҳозирда экспертиза тайинланган бўлиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.