
Ўзбекистонда 2024 йилда 27 та маиший чиқинди полигони рекультивация қилинди, дея хабар берди Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати.
Агентлик маълумотларига кўра, рекультивацияда қайта ишлашга яроқсиз бўлган ва полигонда йиғилган чиқиндилар юқоридан тупроқ қатлами билан ёпилади.
2024 йилда 27 та полигонни тупроқ билан қоплаш ишлари амалга оширилди:
- Қорақалпоғистон Республикаси— 1 та (11 га);
- Андижон вилояти — 6 та (14,9 га);
- Бухоро вилояти — 1 та (0,5 га);
- Қашқадарё вилояти — 5 та (19,15 га);
- Наманган вилояти — 3 та (5,38 га);
- Самарқанд вилояти — 1 та (2,4 га);
- Тошкент вилояти — 3 та (9,58 га);
- Фарғона вилояти — 6 та (17,11 га);
- Хоразм вилояти — 1 та (1 га).
2025 йил охиригача умумий майдони 81,68 гектар бўлган яна 18 та полигонни рекультивация қилиш режалаштирилган. Агентлик ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси балансига жами 185 та маиший чиқинди полигони ўтказилган.
Бундан ташқари, 2024 йилда ва 2025 йилнинг ўтган даврида республика бўйлаб 42 та чиқинди полигонининг фаолияти тугатилди ва 90 гектарга яқин ер майдони табиатга қайтарилди.
Қайд этилишича, ишлар президентнинг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Мақсадли кўрсаткичларга кўра, 2025 йилда маиший чиқинди полигонлари сонини камида 20%га, 2030 йилгача эса 50%га қисқартириш режалаштирилган. Чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этилади.

