Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 06/02/2026

2025 йилда 11 мингтадан ортиқ киши гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилди

2025 йилда Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 15,4 мингта жиноят ҳамда 1956 та маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилди. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун 11 мингтадан ортиқ киши жавобгарликка тортилди, уларнинг орасида 124 нафар талаба ва 59 нафар мактаб ўқувчиси бор.

Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори ўринбосари Шавкат Қаюмовнинг маълумотларига кўра, тезкор тадбирлар натижасида жами 3,4 тонна гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Мусодара этилган гиёҳвандлик воситалари орасида энг катта улуш гашиш (48%) ва опийга (27%) тўғри келди. Йил давомида 14 та яширин лаборатория аниқланиб, уларда 75 кг гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди.

«Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп қисми гиёҳвандлик воситаларини шахсий истеъмол учун сақлаш (41%), уларни ноқонуний муомалага киритиш (36%) ва тақиқланган экинларни етиштириш (13%) билан боғлиқ. Барча жиноятларнинг 53 фоизи Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади», — деди Шавкат Қаюмов 2025 йил 30 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Бундан икки кун олдин Равшан Маматов Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори лавозимидан озод этилгани маълум бўлган эди. Президент Шавкат Мирзиёев агентлик ишини танқид қилиб, у қайта кўриб чиқилишини айтган эди.

Давлат раҳбари охирги беш йилда Тошкентда мусодара қилинган синтетик наркотиклар ҳажми 11 бараварга ошганини таъкидлади. Бундай наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилмоқда, ҳисоб-китоблар эса криптовалютада амалга оширилмоқда.

Шунингдек, у гиёҳвандлик ва уюшган гуруҳларга қарши курашиш учун масъул бўлганларда наркоканалларнинг якуний манбаси ва ҳомийларига чиқиш учун қатъият етишмаётганини баён қилди.