2025 йил – Навоий вилоятида Алишер Навоий йили

Ўзбекистон президентининг 2025 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, 2025 йил Навоий вилоятида Алишер Навоий йили деб эълон қилинди. Бу қарор буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбобининг ижодий меросини тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинди. 2025 йил 9 февраль куни Навоий таваллудининг 584 йиллиги нишонланди.

Ҳужжатга кўра, ҳар йили ижодий кечалар, танловлар, китоблар нашри, тақдимотлар ва илмий-адабий конференциялар ўтказиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилояти шаҳар ва туманларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган боғлар, хиёбонлар ва яшил ҳудудлар ташкил этилади. “Янги Ўзбекистон” боғида Алишер Навоий ҳайкали, “Хамса” асари сюжетига асосланган рамзий дарвозалар ва мемориал музей барпо этилади.

2025 йил 10-15 октябрь кунлари Навоий давлат университетида “Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросининг инсоният маънавий-маърифий тараққиётида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Шунингдек, Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги асарлар қайта нашр этилади, унинг замондошлари ва шогирдлари ҳақида тадқиқотлар олиб борилади. Олийгоҳларда қўлёзмалар кўргазмалари ва асарлар тақдимотлари ўтказилади.

Навоий кон-металлургия комбинати Алишер Навоий ҳақида бадиий фильм суратга олишни молиялаштиради. Фильм 2026 йил охиригача экранларга чиқиши режалаштирилган.