
Ўзбекистон Марказий банки молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришга масъул ташкилот этиб белгиланди. Бу президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги қароридан келиб чиқади.
Ҳужжатга кўра, Марказий банк инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва асосий макроиқтисодий устуворликлар — банк тизими барқарорлиги, тўлов тизимларининг узлуксиз ишлаши ва нархлар барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга жавоб беради.
Шунингдек, регуляторга молия секторидаги технологик ўзгаришларнинг асосий драйверларидан бири бўлиш ва барча бозор иштирокчилари учун самарали рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш вазифаси юклатилган.
Финтех ечимларини жорий этишда тартибга солиш чораларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу чоралар технологик инновациялардан келиб чиқадиган хатарларни камайтиришга қаратилган бўлиши, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни сақлаб қолиши керак.
Марказий банк тўлиқ ва ишончли маълумотларга асосланиб қарорлар қабул қилади, молиявий технологиялар соҳасида хизмат кўрсатишда фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди ва финтех экотизимида ишловчи стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, Марказий банк молиявий технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш, финтех хизматларини кўрсатишда фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлаш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш соҳасида тартибга солиш ваколатларини олади.
Ушбу вазифалар «Марказий банк тўғрисида»ги қонунга ҳам киритилиши керак.
Ҳужжат билан Марказий банк раҳбари Темур Ишметов раислигида Молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси тузилмоқда.

Комиссиянинг вазифалари орасида:
- молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича стратегик йўналишларни белгилаш;
- соҳадаги муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
- молиявий технологиялар соҳасида давлат органлари, молия ташкилотлари ва хусусий сектор фаолиятини мувофиқлаштириш;
- Марказий банкнинг молиявий технологиялар соҳасидаги «регулятор синов майдончаси»да муваффақиятли синовдан ўтган молиявий хизматларни кенг жорий этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
- молиявий технологиялар соҳаси ривожига тўсқинлик қилаётган омилларни, жумладан, тижорат банклари ва тўлов ташкилотларининг тарифларини ўрганиш ва уларни оптималлаштириш бўйича тегишли чоралар кўриш.
Регуляторга хорижий маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда 2026–2030 йилларга мўлжалланган финтех секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
Марказий банк, шунингдек, токенлаштирилган акциялар ва облигацияларни чиқариш ва муомалага киритиш, шу жумладан тартибни қабул қилиш ва ахборот тизимининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлигини экспертизадан ўтказиш билан шуғулланади.
2026 йил апрель ойига қадар Марказий банкнинг рақамли валютасидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш бўйича экспериментнинг «йўл харитаси»ни тасдиқлаш режалаштирилган. Февраль ойига қадар тўлов воситаси сифатида токенларнинг барқарор муомаласини махсус ҳуқуқий тартибга солишни жорий этиш топширилган.
Шунингдек, 2026 йил апрель ойигача Марказий банк фаолиятини рақамлаштиришнинг АТ-стратегияси тайёрланиши керак. Май ойигача «регулятор синов майдончаси» талабларини соддалаштириш, шунингдек, стартаплар ва технологик компаниялар томонидан инновацияларни жорий этиш учун технологик ва тематик «синов майдончалари»ни яратиш кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, регулятор ҳузурида 50 млн доллар ҳажмидаги венчур фондини ташкил этиш, уни 1 июлга қадар хорижий компанияга ишончли бошқарувга бериш, шунингдек, инновацион хабни шакллантириш назарда тутилган.
Декабрь ойида Марказий банк ягона QR-код орқали тўлов стандартларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани татбиқ этади.