
Тошкент, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (метан «заправка»лари) ишига чекловлар киритилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» компаниясининг ҳудудий филиаллари маълум қилди.
Чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган қарорларга мувофиқ жорий этилмоқда. Метан «заправка»ларининг янги иш жадвали ҳудудлар бўйича қуйидагича белгиланди:
- Тошкент — 78 та метан «заправка» соат 06:00 дан 23:00 гача ишлайди;
- Андижон вилояти — 143 та «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди;
- Наманган вилояти — 134 та «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди;
- Фарғона вилояти — 173 та «заправка» соат 06:00 дан 18:00 гача ишлайди;
- Қорақалпоғистон Республикаси — 124 та «заправка» соат 06:00 дан 18:00 гача ишлайди;
- Сирдарё вилояти — 53 та «заправка» соат 06:00 дан 18:00 гача ишлайди;
- Навоий вилояти — 51 та «заправка» соат 06:00 дан 19:00 гача ишлайди;
- Хоразм вилояти — 94 та «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди;
- Сурхондарё вилояти — 106 та «заправка» соат 06:00 дан 17:00 гача ишлайди.
- Бухоро вилояти — 95 та метан «заправка» соат 06:00 дан 19:00 гача ишлайди;
- Самарқанд вилояти — 135 та метан «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди;
- Қашқадарё вилояти — 116 та метан «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди;
- Тошкент вилояти — 117 та метан «заправка» соат 05:00 дан 17:00 гача ишлайди.
Тошкент газ «заправка»лари учун энг юмшоқ — 06:00—23:00 чеклов режимини сақлаб қолди, айрим вилоятларда эса АГТКСлар соат 17:00 даёқ ёпилмоқда.
Қолган ҳудудларда рўйхат маълумотлар эълон қилинишига қараб тўлдирилади.
Энергетика вазирлиги аввалроқ хабар берганидек, қўшни давлат (Туркманистон) газ транспорт тизимидаги техник носозлик туфайли импорт қилинаётган газ ҳажми қисқарди. Газ босимининг пасайишини олдини олиш ҳамда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор газ билан таъминлаш мақсадида метан «заправка»лари ишига вақтинчалик чекловлар киритилмоқда.
Кейинроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон тизимидаги авария туфайли 6 млн куб метр газ тақчиллиги юзага келганини маълум қилди. Шу билан бирга, тўлиқ тўлдирилган (тахминан 6,3 млрд куб метр) ва суткасига 42 млн куб метргача газ олинадиган ер ости газ сақлаш омборлари захираларидан фойдаланилганми ёки йўқми, номаълум.
Бугунги кунда Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан газ импорт қилмоқда. 2025 йилнинг 10 ойида мамлакат 1,12 млрд долларлик импорт газини сотиб олди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон газ экспортини 5,1 фоизга — 568,2 млн долларгача оширди. Ўзбек гази асосан Хитойга етказиб берилади.
Мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми сўнгги бир неча йил давомида пасаймоқда. 2025 йил бошидан буён уни ишлаб чиқариш 35,5 млрд куб метр (-4,8%, ёки 1,8 млрд кам) ни ташкил этди.