
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) устав капиталидаги 75,2% давлат улушини Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотиш бўйича битим якунланганини маълум қилди.
Назорат пакетини топшириш бўйича келишувга 2025 йил сентябрь ойида эришилганини хабар қилинган эди.
Келишув шартларига кўра, Anadolu Isuzu сотиб олинаётган улуш учун 80 млн доллар тўлайди ва корхонани ривожлантиришга яна 80 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олади. Инвестициялар халқаро маслаҳатчилар томонидан тайёрланган техник-иқтисодий баҳолаш хулосаларига мувофиқ йўналтирилади.
Агентлик инвестор Туркия регуляторларидан барча зарур рухсатномаларни олганини, шундан сўнг 2025 йил 19 ноябрь куни олди-сотди шартномаси имзоланганини, 9 декабрь куни эса агентликнинг Хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобига 80 млн доллар миқдоридаги тўлов келиб тушганини аниқлаштирди.
2025 йил 10 декабрь куни жамғармадан Республика бюджетига 1 трлн сўм ўтказилди.
Инвестиция мажбуриятларини бажариш доирасида томонлар тегишли инвестиция келишувини ҳам имзолайдилар. Аввал эълон қилинган шартларга кўра, Anadolu Isuzu Ўзбекистонда катта сиғимли автобуслар ва электробуслар (12–18 м) ишлаб чиқаришни ташкил этишга, сервис марказлари тармоғини яратишга ҳамда маҳсулотларни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африкага экспорт қилишни ривожлантиришга инвестиция киритиши лозим.
Anadolu Isuzu компанияси 2021 йилда Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan давлат пакетининг 57,1% улушини 252,2 млн долларга сотиб олган ва ўшандан бери заводларни қуриш ва модернизация қилишга 250 млн доллар сармоя киритган Anadolu Group холдинги таркибига киради.
Автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Самарқанд автозаводи 1996 йилда Туркиянинг Koç Holding билан ҳамкорликда «АвтоВАЗагрегат» заводи базасида ташкил этилган. Дастлаб завод «СамКочАвто» деб номланган, бу ерда UzOtoyol бренди остидаги машиналар ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда корхона Isuzu шассисидаги юк машиналари, автобуслар, шунингдек, Isuzu D-Max пикапларини ишлаб чиқаради.