Саида Мирзиёева Кўмир билан иситиладиган Қибрай туманидаги иссиқхонага ташриф буюрди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2025 йил 2 декабрь оқшомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирига ташриф буюрди. Бу унинг Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар махсус комиссияси йиғилишини ўтказганидан сўнг амалга ошди, дея хабар берилмоқда унинг Telegram-каналида.

«Маълум бўлишича, бу иссиқхона ҳар куни 150 кг атрофида кўмир ёқар экан. Табиийки, бу атроф-муҳитга катта зарар етказмоқда», — деб ёзди. Жойлаштирилган видеода иссиқхона қозонхонаси мўрисидан қуюқ тутун чиқаётганини кўриш мумкин.

Иссиқхона эгаси улар «фақат фильтр ўрнатишни режалаштираётганини» айтди. Саида Мирзиёева жавоб берди: «Сиз бизнес қиласиз, биз эса бундан нафас оламиз. Сизнинг ҳам фарзандларингиз бор-ку. Мен сизлар билан мулоқот қилиш, сизга қандай ёрдам бериш мумкинлигини таҳлил қилиш учун келдим».

Тадбиркор бир ҳафта ичида ҳосил йиғиштириб олинишини айта бошлади. Президент Администрацияси раҳбари эса яна бир ҳафта кутиб туриш мумкин эмаслигини таъкидлади. «Ўрнатамиз», — дея ваъда берди тадбиркор. «Уч кун ичида», — дея қўшимча қилди.

«Бу ерда яшаб бўлмайди, нафас олиб бўлмайди», — деди Саида Мирзиёева. «Одамларнинг, фарзандларимизнинг саломатлиги биз учун устувор», — дея қайд этди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев «эртагаёқ фильтр етказиб берилиши, [тадбиркор] уни сотиб олиб, ўрнатиши»ни маълум қилди.

«Тадбиркорлар ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши керак ва экологияга етказилган зарарни фойда билан оқлаб бўлмайди. Бундай ишлаб чиқаришдан аҳоли саломатлигига етказиладиган зарар олинаётган иқтисодий фойдадан анча юқори», — деб ёзди Саида Мирзиёева.

Шу билан бирга, у «тадбиркорларга ўз фаолиятини қонуний ва хавфсиз олиб боришга ёрдам бериш муҳим»лигини таъкидлади. «Экология қўмитасига бир кун ичида бу иссиқхонага замонавий фильтр ўрнатиш, шунингдек, тадбиркорлар учун семинар-тренинг ва тозалаш жиҳозларини харид қилиш учун ярмарка ўтказиш топшириғи берилди», — дея хабар берди Саида Мирзиёева.

Давлат раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги фармони билан Президент маслаҳатчиси, Экология бўйича Миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги махсус комиссия тузилган эди. Йиғилишда унинг бир ҳафталик фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди.

Йиғилиш якунида Президент Администрацияси раҳбари: «Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарларида ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ жорий вазият тезкор ва кечиктириб бўлмайдиган ечимларни талаб қилади. Мамлакат Президенти бу муаммони тезроқ бартараф этиш учун барча мавжуд кучларни сафарбар қилишни менга топширди», — дея таъкидлади.

У махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар «тизимли бўлиши ва нафақат бугунги вазиятни яхшилашга, балки келажакда бундай экологик офатларнинг олдини олишга ҳам имкон бериши» муҳимлигини қайд этди.

«Миллат саломатлиги иккинчи даражали масала бўла олмайди. Тоза ҳаво, сув ва қулай экология учун кураш бизнинг устувор вазифамиздир», — деди Саида Мирзиёева.