
Ўзбекистон солиқ базасини кенгайтириши, банк секторидаги ислоҳотларни тезлаштириши ва қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиши зарур. Бу ҳақда 2025 йил 17–25 ноябрь кунлари Тошкентда бўлган Халқаро валюта фонди миссияси баёнотида айтилган.
ХВФ миссияси раҳбари Яссир Абдихнинг баҳолашича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотда солиқ тушумлари улушини ошириши керак. Бунга ўрта муддатли даромадлар стратегиясини амалга ошириш, Солиқ қўмитасини ислоҳ қилиш, шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши кураш стратегияси ёрдам бериши лозим.
Фонд қуйидагиларни устувор вазифалар қаторига киритишни тавсия этади:
- янги солиқ имтиёзлари беришни чеклаш;
- солиқ харажатларини баҳолаш методологиясини жорий этиш ва бу маълумотларни бюджетда эълон қилиш;
- жойига чиққан ҳолда солиқ текширувлари сифатини ошириш;
- солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда солиқ маъмурчилиги бўйича ваколатларни кенгайтириш.
«Ставка қатъийлигича қолиши керак»
ХВФ Ўзбекистон Марказий банкининг умумий ва базавий инфляция пасайганига қарамай, 2025 йил март ойидан бери асосий ставкани 14% даражасида сақлаб қолиш қарорини қўллаб-қувватлади.
Фонд миссиясининг фикрича, регуляторга пул-кредит сиёсатининг қатъий йўналишини, «инфляция 5% лик мақсадли кўрсаткич томон ишончли пасайиш траекторияси бўйлаб ҳаракатлана бошламагунча» сақлаб туриш керак.
Миссия, шунингдек, 2025 йил апрель ойида қабул қилинган валюта курси мослашувчанлигини ошириш чораларини ижобий баҳолаб, улар ташқи шокларга нисбатан иқтисодиётнинг барқарорлигини кучайтиришини ва инфляцион таргетлаш режимини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Банк ислоҳотларини тезлаштириш
Фонд вакиллари молия секторини ислоҳ қилишни тезлаштиришга чақирди. Уларнинг баҳолашича, фаол иқтисодий ўсиш директив ва имтиёзли кредитлашни қисқартириш чораларини тезлаштириш учун «мустаҳкам пойдевор» яратмоқда.
ХВФ миссияси Ўзбекистон Марказий банкига Молия-иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа регуляторларнинг масъулият доирасига кирувчи тавсияларни ўз ичига олган тўлиқ «йўл харитаси»ни тасдиқлашни таклиф этмоқда. Бу ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш ва зарур техник ёрдам олиш имконини беради.
Таркибий ислоҳотлар
Юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш кўп жиҳатдан таркибий ислоҳотларнинг давом этишига боғлиқ, хусусан:
- йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва қайта тузиш;
- корпоратив бошқарувни яхшилаш;
- давлат томонидан фақат аниқ қайта тузиш режаларига эга корхоналарни қўллаб-қувватлаш;
- рақобатни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш.
Фонднинг баҳолашича, бу чоралар инфляцион кутилмаларни пасайтиришга, унумдорликни оширишга ва хусусий сектор мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
ХВФ миссияси, шунингдек, Ўзбекистонни олтиндан тушадиган даромадлар ҳисобига давлат харажатлари ўсишини чеклашга чақирди, акс ҳолда бу иқтисодиётнинг «қизиб кетишига» ва «шундоқ ҳам юқори бўлган талаб»га олиб келиши мумкин. Жорий динамика ислоҳотлар учун, шунингдек, шокларга чидамлиликни ошириш учун «хавфсизлик ёстиғи»ни шакллантириш учун қулай пайт яратмоқда.
2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда имтиёзли кредитлаш сиёсатини бекор қилиш режалаштирилган эди, аммо коронавирус пандемияси туфайли бу режалар кечиктиришга тўғри келди, дея маълум қилган эди Марказий банкнинг собиқ раиси Мамаризо Нурмуратов.
Марказий банкнинг ҳозирги раҳбари Тимур Ишметов 2025 йил сентябрдаги матбуот анжуманида 2024 йил охирида банкларнинг умумий кредит портфелида директив кредитлаш улуши 30% ни ташкил этганини, бу сўнгги 5-6 йил ичида икки баравар камайганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, имтиёзли кредитлар муаммосини бир неча йил ичида ҳал қилиб бўлмайди, чунки бу инфляцияни секинлаштиришни талаб қилади.