Ўзбекистонда ҳукумат ва ҳокимиятларга дарахтларни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланди

Ўзбекистонда экологик талабларни бажармасликка рухсат берадиган ёки экологик талабларга риоя қилмасдан бирон бир ҳаракатга рухсат берувчи ҳужжатларни беришга қатъий тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 19 ноябрдаги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида айтилган.

Хусусан, давлат экологик экспертизаси хулосаларини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчиришни назарда тутувчи ҳукумат қарорлари, фармойишлари, баённомалари ва ёзма топшириқларини, идоралараро ҳужжатларни, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматли дарахт ва бута турларини кесишга муддатсиз мораторий жорий этилган. Шунга қарамай, оммавий кесиш ҳолатлари давом этмоқда:

  • 2025 йил октябрь ойида Тошкентдаги Бобур кўчасида бир кечада 150 га яқин кўп йиллик арча кесиб ташланган;
  • Бўрижар каналининг қирғоғини ободонлаштиришда кўплаб дарахтлар кесилган;
  • собиқ ҳарбий госпитал ҳудудидаги қурилиш ишлари бошлангандан сўнг яшил ҳудуд йўқолган;
  • Қашқадарёда 2024 йилда Денов-Новкат каналини реконструкция қилиш вақтида To‘palang HPD Holding компанияси 150 та дарахтни кесиб ташлаган.

Бундан ташқари, дарахтларнинг қуришини тезлаштириш ва мораторийни айланиб ўтиб кесиб ташлаш имкониятига эга бўлиш учун уларнинг илдизи цементланаётгани ёки заҳарли кимёвий моддалар билан суғориш ҳолатлари ҳам маълум.