Туркманистон президенти «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 ноябрь куни Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедовни Ўзбекистоннинг хорижий фуқаролар учун олий давлат мукофоти — «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Сардор Бердимуҳамедов Тошкентда давлат ташрифи билан келган.

«Ушбу юксак мукофотни топширар экан, давлатимиз раҳбари бу қарор Ўзбекистон халқининг Туркманистон президентининг икки қардош мамлакатнинг дўстлиги, ўзаро ишончи ва стратегик шериклигини мустаҳкамлашдаги хизматларига бўлган самимий ҳурмати ва эътирофини акс эттиришини таъкидлади», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

«Сиз отангиз — туркман халқининг Миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатда одамларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун ишончли асос яратадиган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

У Сардор Бердимуҳамедовнинг кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларини кенгайтиришга қўшган ҳиссасини қайд этди ва мукофот мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзи эканлигини таъкидлади.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени 2020 йилда таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистоннинг хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун олий давлат мукофоти ҳисобланади. У билан давлат ва ҳукумат раҳбарлари (шу жумладан Ўзбекистон Президенти), бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар парламентлари вакиллари, турли соҳалардаги кўзга кўринган арбоблар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам тақдирланиши мумкин.

Ушбу орден билан илгари (олиниш тартибида) ХХР раиси Си Цзиньпин, РФ президенти Владимир Путин, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев (2025 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида) тақдирланган.