Тошкент вилоятидаги қадимий Қанқа шаҳарчасида X–XI асрларга оид деворий расмлар топилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологларининг Тошкент вилоятида олиб бораётган қазилма ишлари давомида X–XI асрларга оид фрескалар топилди, дея хабар берди Фанлар академияси матбуот хизмати.

Фрескалар Қанқа шаҳарчасида жойлашган йирик карвонсарой ҳудудида аниқланди. Карвонсарой қадимий шаҳарнинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр узоқликда жойлашган бўлиб, унинг умумий ўлчамлари 100х70 метрга яқин.

Хоналар деворларидан тушиб кетган фрескаларнинг фрагментлари 25х30, 15х20 ва 30х35 сантиметр ўлчамда.

«Топилмалар араблар истилосидан сўнг вақтинча йўқолиб кетган деворий расм санъати Тошкент вилоятида X–XI асрларда қайта тикланганидан далолат беради», – дейилади хабарда.

Археологик маълумотларга кўра, шунга ўхшаш расмлар Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларида ҳам топилган.

«Маданий мерос агентлигининг Самарқанд Археология институти реставраторлари иштирокида ўрганилаётган бу расмлар Тошкентда ҳам деворий расм мактаби мавжуд бўлганини кўрсатади. 2023 йилда ёдгорликда ўтказилган археологик тадқиқотлар давомида V–VII асрларга оид расмлар қайд этилган», – дея таъкидлади Фанлар академияси.

Олимларнинг маълумотларига кўра, Қанқа шаҳарчасидаги топилмалар минтақанинг маданий ҳаёти ва деворий тасвирий санъати ривожини тушуниш учунгина эмас, балки Тошкент вилояти ўрта асрлар тарихини ўрганиш учун ҳам аҳамиятга эга.

Қанқа археологик ёдгорлиги – Тошкент вилоятидаги йирик шаҳарча. Баъзи тадқиқотчилар уни «Авесто»да тилга олинган Кангдеш ва «Шоҳнома» қаҳрамони Алп Эр Тўнга пойтахти Кангдиз билан тенглаштирадилар.

Ҳозирда Фанлар академияси тарих институти ва Тошкент вилояти ҳокимлиги Қанқа ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.

Бундан аввал, жорий йилда тарих институти ходимлари гуруҳи Қанқа ёдгорлиги аркининг қуйи майдончасида жойлашган V–VIII асрларга оид ибодатхонани ўрганиш чоғида металл зирҳ фрагментларини топган эди.