
Ўзбекистонда 2025 йил 10-20 сентябрь кунлари пахта йиғим-теримида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилди, дея хабар берди Бандилик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.
Вазият ўрганилганда 300 дан ортиқ пахта теримчисига мавсумий меҳнат шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатилди.
11 та ҳолатда меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланди ва мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш — 5 дан 10 БҲМгача жарима, бир йил ичида такроран содир этилса — 10 дан 15 БҲМгача жарима) бўйича чоралар қўлланилди.
Пахта кампанияси давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйган уч нафар мансабдор шахсга нисбатан МЖТКнинг 51-моддаси 1-қисми (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш — 50 дан 100 БҲМгача жарима) асосида чоралар кўрилди.
Вазирлик Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъиян ман этилганини ва қоидабузарларга нисбатан жавобгарлик белгиланганини эслатди.
Аввал Сурхондарё вилоятида Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари Дилфуза Тошматова маҳалла фаолларидан одамларни пахта теримига жалб қилишни талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди. У теримчиларга мурожаат қилар экан: «Сен аёлмисан ёки йўқми, виждонсиз?!» — деган эди. У меҳнатга мажбурлагани учун 50 БҲМ (20,6 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қўлда терилган 1 кг пахта учун 2000 сўм, машинада терилган 1 кг пахта учун эса 1373 сўм миқдорида тавсия этилган нархни белгилади. Вазирлик, шунингдек, пахта терими нархини кластер, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва теримчилар ўртасидаги келишув асосида мустақил равишда белгилаш амалиёти мавжудлигини қайд этган.

