
Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида кадрлар ўзгариши юз берди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
2025 йил 5 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вазир Бобир Исламов Феруза Рустамовна Ҳамидованинг тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганини эълон қилди.
Вазирлик сайтида Феруза Ҳамидованинг таржимаи ҳоли ва касбий тажрибаси ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас. У 2000 йилда Тошкент молия институтини тамомлагани маълум. Аввалроқ Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг (ОКМК) Тошкентдаги ваколатхонасини бошқарган ва ОКМК бошқаруви раисининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
У, шунингдек, «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) Кузатув кенгаши аъзоси бўлган, у ерда Кредит операциялари департаментига ҳам раҳбарлик қилган.
Ҳамидова Олмалиқ шаҳридаги Россия Миллий тадқиқот технологик университети «МИСиС» филиалида дарс берган.
Шу билан бирга, Омонулло Забиҳуллаевич Насриддинхўжаев «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Унинг профили Геология вазирлиги сайтидаги «раҳбарият» бўлимидан ғойиб бўлди.
Spot нашрининг қайд этишича, Насриддинхўжаев LinkedIn’да вазирликдаги фаолиятини 2025 йил сентябрь ойида якунлаганини кўрсатган. Унинг янги иш жойи ҳақида маълумот ҳозирча тақдим этилмаган.
Омонулло Насриддинхўжаев 2023 йил февралидан буён геология вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Унгача 3 йилдан ортиқ молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.