
АҚШ Давлат департаменти амалдаги Америка визасига эга 55 миллиондан ортиқ кишини эҳтимолий қонунбузарликлар бўйича текширмоқда. Бу ҳақда Associated Press агентлигининг сўровига жавобан идорада маълум қилинди.
Давлат департаментининг маълум қилишича, АҚШ визасига эга бўлган барча шахслар «Қўшма Штатларга кириш ёки у ерда қолиш учун рухсат олиш ҳуқуқига эга эмаслигини кўрсатувчи ҳар қандай аломатларни» аниқлаш мақсадида «доимий текширувдан» ўтказилади.
Агар бундай маълумот аниқланса, виза бекор қилинади. Агар виза эгаси бу пайтда АҚШда бўлса, у шахс депортация қилиниши мумкин.
Давлат департаментининг янги баёноти шуни кўрсатадики, узлуксиз текширув жараёни янада кенг тарқалган ва бу илгари АҚШда қолишга рухсат берилганларнинг ҳам визаси тўсатдан чақириб олиниши мумкинлигини англатиши мумкин, деб ёзади AP.
Давлат департаменти виза муддатини ўтказиб юбориш, жиноий фаолият, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, террористик фаолиятнинг ҳар қандай шаклида иштирок этиш ёки террористик ташкилотга кўмаклашиш каби қонунбузарликлар қидирилаётганини таъкидлади.
«Текширувимиз доирасида биз мавжуд барча маълумотларни, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, иммиграция хизматлари маълумотларини ва виза берилгандан сўнг аниқланадиган ва потенциал номувофиқликни кўрсатувчи бошқа ҳар қандай маълумотни текширамиз», — дейилади идора баёнотида.
Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио, шунингдек, АҚШ юк машиналари ҳайдовчилари учун ишчи визалар беришни дарҳол тўхтатишини маълум қилди.
«АҚШ йўлларида катта яримтиркамали юк машиналарини бошқараётган хорижлик ҳайдовчилар сонининг ўсиши америкаликларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда ва америкалик юк ташувчиларни тирикчилик манбаидан маҳрум қилмоқда», — деб ёзди Рубио X’да.
2025 йил август ойи бошида АҚШ Давлат департаменти туристик ва ишбилармонлик визаларига ариза берувчилардан гаров пули олиш имкониятини кўриб чиқаётгани маълум бўлган эди. Сумма 5000, 10 минг ва 15 минг долларни ташкил қилиши мумкин. Гаров виза бўйича қолиш муддатини бузиш даражаси юқори бўлган, шунингдек, ҳужжатлар устидан назорати етарли бўлмаган давлатлар фуқароларидан ундирилади. Агар хорижликлар АҚШни ўз визалари шартларига мувофиқ тарк этсалар, маблағлар қайтарилади.