
Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров Ўзбекистон Олий судьялар кенгаши раиси лавозимига иккинчи муддатга сайланди, дея хабар беради ЎзА.
Унинг номзоди Сенат томонидан Президент тақдимномасига биноан беш йил муддатга тасдиқланди.
У биринчи марта 2020 йилдан бошлаб кенгашга раҳбарлик қилган. Олий судьялар кенгаши тўғрисидаги қонунга кўра, айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ раис этиб сайланиши мумкин эмас.
Тайинловга қадар Холмўмин Ёдгоров 2017 йил майидан Олий суд раиси ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси, ундан аввал эса Олий суд судьяси лавозимида ишлаган.
2017 йилда ташкил этилган Олий судьялар кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди.