
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори этиб Шоҳрух Азаматович Аминов тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси тегишли қарор қабул қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Аввалроқ Шоҳрух Аминов Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари, бундан аввал эса Сирдарё вилояти прокурори лавозимида ишлаган.
Шоҳрух Аминов (1981 йилда туғилган) Самарқанд давлат университетини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги меҳнат фаолиятини 2004 йилда Самарқанд шаҳар прокуратурасида бошлаган, Самарқанд вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда ишлаган. 2014 йилдан Бош прокуратурада прокурор, бош прокурор, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Тошкент вилояти прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган. 2018-2020 йилларда Навоий вилояти прокурори бўлган.