Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий олий таълим муассасалари раҳбарлари тайинланди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимида Қуролли Кучлар академияси негизида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилиши муносабати билан янги тайинловлар амалга оширилди, дея хабар берди мудофаа идораси матбуот хизмати.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Ҳолмуҳамедов бир вақтнинг ўзида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғи лавозимини ҳам бажаради.

Генерал-майор Фарҳоджон Шерматов Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У тайинлангунга қадар Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаган.

Полковник Қодиржон Турсунов Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони этиб тайинланди. Аввал у Ўзбекистон мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари эди.

Полковник Қаҳрамонжон Зоидов Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қуруқликдаги қўшинлар институти бошлиғи этиб тайинланди.

Полковник Абдулла Ҳамраев Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий авиация институти бошлиғи этиб тайинланди.

Подполковник Бахтиёр Раҳимов Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти бошлиғи этиб тайинланди.

Тиббий хизмат полковниги Улуғбек Расулов Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий тиббиёт институти бошлиғи этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳарбий таълимни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни маъқуллаган эди. Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бешта институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари бўйича мутахассислар тайёрлаш мактабини бирлаштиради. Фуқаролик ва ҳарбий мутахассислик бўйича икки диплом бериш амалиёти жорий этилмоқда.