
Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласи профилактика инспектори, 65 ёшли маст фуқаро қўлидан ҳалок бўлган катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев вафотидан кейин «Жасорат» медали билан тақдирланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳманов хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимнинг оила аъзоларига медални топширди.
Фожиали ҳодиса 2025 йил 1 июль куни содир бўлган. Абдурасул Абдувалиев чақирувга етиб борган, у ерда 65 ёшли Юнусали Холбозоров маст ҳолатда оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилган. Уни зарарсизлантиришга уриниш чоғида маст эркак инспекторга пичоқ билан кўкрагига зарба берган. Олган тан жароҳатидан катта лейтенант шифохонага кетаётганда вафот этган.
Ҳужумдан сўнг гумонланувчи ҳодиса жойидан яширинган ва 4 июль куни эрталаб у «Юксалиш» маҳалласидаги «Суколок» қабристони ҳудудида, маккажўхори поялари орасида яширинган жойида топилган. Қўлга олиш чоғида Холбозоров пичоқ билан қорнига уриб, ўз жонига қасд қилишга уринган.
Ҳужум қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (Шахсни унинг хизмат бурчини бажариши муносабати билан қасддан ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.