Андижон вилоятида профилактика инспекторининг ўлимида гумонланувчи қўлга олинди

Ички ишлар органлари Андижон вилоятида профилактика инспекторининг ўлимида гумон қилинаётган 64 ёшли Юнусали Холбозоровни қўлга олди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

2025 йил 1 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласида хизмат вазифасини бажариш чоғида профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев оғир жароҳат олиб, вафот этган эди. У оилага пичоқ билан таҳдид қилган эркакни қўлга олишга уриниш чоғида ўлдирилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, гумонланувчи Холбозоров 2025 йил 4 июль куни тахминан соат 06:30 да «Юксалиш» маҳалласидаги «Суколок» қабристони ҳудудида маккажўхори поялари орасида яшириниб ётган ҳолда топилган.

«У қўлга олиш чоғида ўзига қорин соҳасига пичоқ билан тан жароҳати етказган. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг шифохонага олиб кетилган», — дейилади хабарда.

Видеода эркак турмуш ўртоғини пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлганини, аммо бехосдан инспекторни яралаб қўйганини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (Шахсни ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан қасддан ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

ИИВ гумонланувчини қўлга олишга ёрдам берган фуқароларга миннатдорчилик билдирди.