
«Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми 2025 йил 15 июлда бошланиб, 31 августгача давом этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар бермоқда.
Жараён қуйидаги босқичларга бўлинган:
- лойиҳаларни қабул қилиш — 15 июлдан 3 августгача;
- танлов босқичи — 4 августдан 18 августгача;
- тарғибот босқичи — 19 августдан 21 августгача;
- овоз бериш — 22 августдан 31 августгача.
Иккинчи мавсум ғолиблари 2025 йил 1 сентябрь — Мустақиллик кунида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг биринчи мавсуми учун «Ташаббусли бюджет» бўйича овоз бериш 20 март куни якунланган эди. У мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича фуқаролар ташаббуслари учун қарийб 10,5 миллион овоз тўплади.
Биринчи мавсумда 28 399 та ташаббус келиб тушган бўлиб, улардан 23 457 таси танловдан ўтган. Унинг якунларига кўра, 2 369 та лойиҳа ғолиб деб топилди (таққослаш учун: аввалги мавсумда — 1 772 та), улар 3,36 триллион сўм олади.
Бундан ташқари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарори билан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан асосий овоз беришдан ўтмаган лойиҳаларни молиялаштиришга 7,5 миллиард сўм йўналтирилган. Бунинг ҳисобига яна 33 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди.