
Yandex Uzbekistan компанияси ўз хизматларида фаолият юритувчи ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи ва курьерлар учун солиқларни автоматик ундиришга техник жиҳатдан тайёрлигини тасдиқлади.
Аввалроқ Солиқ қўмитаси хабар берганидек, 2025 йил 2 июлдан бошлаб Ўзбекистонда онлайн такси агрегаторлари ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи ва курьерларнинг йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошса, уларнинг даромадларидан солиқларни автоматик равишда ушлаб қолишни бошлайди. Бу эса ходимларни солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ ортиқча оворагарчиликлардан халос этади.
Компания солиқни ким учун тўлаш кераклиги ҳақидаги маълумотни тизимлар интеграцияси туфайли Солиқ қўмитасидан автоматик равишда олади, дея қайд этди компания.
«Барча ундирувлар Yandex Pro ижрочилар учун иловасида кўринади. Солиқ қўмитасига тўланган солиқ суммаси ҳақида компания иловада алоҳида хабарлар билан қўшимча равишда маълумот беради», – дея таъкидлади Yandex Uzbekistan.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилган ҳамкорлари – ҳайдовчилар ва курьерлар учун солиқ тўлаш жараёнини автоматлаштирган биринчи компания Yandex Uzbekistan бўлганини маълум қилган эди. Ушбу компаниянинг такси ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари Ўзбекистонда ўз бозорларида етакчи деб тан олинган.