
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори лавозимига Севара Баҳодировна Шакирова тайинланди, дея хабар берди ММТВ матбуот хизмати.
Бу тайинловга қадар у агентлик директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Севара Шакирова таълим муассасаларида ҳам ишлаган. 2012-2019 йилларда — филология фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўқитувчи, 2019-2022 йилларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори ўринбосари, 2022-2023 йилларда Тошкентдаги президент мактаби директори вазифасини бажарувчиси бўлган. Кейинчалик 2024 йилгача агентликда бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори ўринбосари лавозимига Ҳасан Рустамович Шакиров тайинланди.
Аввал у «Янги Ўзбекистон» университетининг молия ва маъмурий ишлар бўйича проректори лавозимида ишлаган.
2001-2016 йилларда Ҳасан Шакиров Молия вазирлигида турли лавозимларда, 2016-2020 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи, 2020-2022 йилларда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг молиялаштириш ва режалаштириш бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.
2022-2024 йилларда у ушбу агентликда бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.