Мальдив оролларига Ўзбекистоннинг илк элчиси тайинланди

Ўзбекистон Мальдив оролларига илк элчисини тайинлади. Унга Ҳиндистондаги элчи Сардор Рустамбаев бўлди, дея хабар берди “Дунё” АА.

2025 йил 12 июнь куни Сардор Рустамбаев Мальдив Республикаси Президенти Моҳамед Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президент Моҳамед Муиззу Мальдивнинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистон билан иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик каби ўзаро манфаатли масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Туризм ва олий таълим соҳасидаги шерикликни ривожлантириш алоҳида кўриб чиқилди. Хусусан, мальдивлик талабаларнинг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқиши истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма сайёҳлик пакетларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирда Ўзбекистон авиакомпаниялари Мальдив оролларига чартер рейсларини амалга оширмоқда.

Томонлар, шунингдек, давлат раҳбарлари, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакилларининг ташрифларини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон ва Мальдив ороллари ўртасида дипломатик алоқалар 1994 йил 7 декабрда ўрнатилган.

Сардор Рустамбаев 2024 йил январь ойидан бери Деҳлида элчи лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Бунгача у Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган.