“Leapmotor C16” автомобилларига Ўзбекистонда шартли равишда муомалага чиқиш рухсати берилди

Жорий йил март ойида Хитойнинг “Leapmotor” товар белгисига мансуб “C16” русумли автотранспорт воситасида аниқланган номувофиқликлар туфайли, уни сертификатлаш бўйича аризалар қабул қилиш вақтинча тўхтатилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси томонидан Хитойнинг “Zhejiang Leapmotor Technology Co. LTD” компаниясига расмий мурожаат йўлланди.

Шундан сўнг, 2024 йил 7 апрель куни Gu Jiven бошчилигидаги компания вакилларидан иборат делегация “ЎзТест” марказига ташриф буюрди ва вужудга келган вазият юзасидан компания мутасаддилари билан музокаралар олиб борилди.

Натижада, компания томонидан “Leapmotor” товар белгисига мансуб “C16” русумли 2 та автотранспорт воситаси Ўзбекистонга олиб келинди ва 14 апрель куни Пскент туманида жойлашган “Электромагнит мослашувчанлик синов лабораторияси”да компания мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида БМТнинг 10-сон қоидасига мувофиқ қайта синовдан ўтказилди.

Такрорий синовлар натижасида “Leapmotor C16” автомобили БМТнинг 10-сон қоидаси талабларига жавоб беради деб топилди. Шу асосда, “Leapmotor” компаниясига ушбу товар белгиси остидаги автомобилларни Ўзбекистонда шартли равишда муомалага чиқаришга рухсат берилди.

Рухсат бериш учун қўйилган шартлар қуйидагилардан иборат:

  1. Агар “Leapmotor” автомобилларида номувофиқлик аниқланса, уларни бартараф этиш ва истеъмолчига етказилган зарарни қоплаш учун ишлаб чиқарувчининг расмий ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахс мақомига эга вакилини тайинлаш.
  2. Республикага импорт қилинаётган барча “Leapmotor” автомобилларининг турини маъқуллаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиш. (Маълумот учун: турини маъқуллаш ҳужжати — техник регламент талабларига мувофиқликни тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳисобланади.)
  3. “Leapmotor” автомобиллари ишлаб чиқариладиган заводлардаги ишлаб чиқариш жараёнлари ва шартларини ўрганиш ва баҳолаш мажбуриятини бажариш.

Мазкур талабларга риоя этилган тақдирда, “Leapmotor” компаниясига Ўзбекистонда ўз автомобилларини расман сотиш ва муомалага чиқариш имконияти яратилади.