ЖЧ-2026 саралаш баҳслари учун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кенгайтирилган таркиби эълон қилинди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе жаҳон чемпионати-2026 саралаш босқичи доирасидаги бўлажак учрашувларда иштирок этувчи футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатини эълон қилди.

Ўзбекистон терма жамоаси 2025 йил 17 март куни ўқув-машғулот йиғинини бошлайди. ЖЧ-2026 саралашининг учинчи босқичи доирасида жамоа 20 март куни соат 21:00 да Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Қирғизистонга қарши баҳс олиб боради, 25 март куни эса сафарда Эронга қарши ўйнайди.

Таркиб

Дарвозабонлар:

  • Ўткир Юсупов («Фулад», Эрон)
  • Абдувоҳид Неъматов («Насаф»)
  • Ботирали Эргашев («Нефтчи»)

Ҳимоячилар:

  • Абдулла Абдуллаев («Пахтакор»)
  • Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»)
  • Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор», Туркия)
  • Рустам Ашурматов («Рубин», Россия)
  • Умар Эшмуродов («Насаф»)
  • Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити», Англия)
  • Фарруҳ Сайфиев («Нефтчи»)
  • Дилшод Комилов («Қизилқум»)
  • Шерзод Насруллаев («Насаф»)
  • Иброҳимҳалил Йўлдошев («Нефтчи»)
  • Зафармурод Абдираҳматов («Насаф»)

Ярим ҳимоячилар:

  • Одил Ҳамробеков («Бунёдкор»)
  • Аббос Файзуллаев (ЦСКА, Россия)
  • Жамшид Искандеров («Нефтчи»)
  • Жалолиддин Машарипов («Эстегляль», Эрон)
  • Остон Ўрунов («Персеполис», Эрон)
  • Отабек Шукуров («Ал-Фейҳа», Саудия Арабистони)
  • Абдурауф Буриев («Пахтакор»)
  • Акмал Мозговой («Насаф»)
  • Руслан Жиянов («Навбаҳор»)

Ҳужумчилар:

  • Элдор Шомуродов («Рома», Италия)
  • Бобир Абдиҳолиқов («Сумғайит», Озарбайжон)

2025 йилнинг январь ойида бош мураббий Сречко Катанец соғлиқ муаммолари сабаб лавозимини тарк этган эди. Унинг ўрнини Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг собиқ мураббийи Тимур Кападзе эгаллади.

Қирғизистон ва Эронга қарши учрашувлардан сўнг, миллий жамоа 2025 йил 5 июнь куни сафарда БАА билан, 10 июнь куни эса ўз майдонида Қатарга қарши баҳс олиб боради.

ЖЧ-2026 саралаш учинчи босқичининг «А» гуруҳида олти тур натижаларига кўра, Эрон (16 очко) пешқадамлик қилмоқда, Ўзбекистон 13 очко билан иккинчи ўринда, БАА 10 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Кейинги ўринларда Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) жойлашган.