Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ўз фаолиятини якунлади

Сречко Катанец Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлигини якунлади

Соғлиқ билан боғлиқ масалалар сабабли, Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигидан воз кечди. Ушбу лавозимда у 2021 йил август ойидан ишлаб келган.

Ўзбекистон футбол уюшмасининг хабарига кўра, собиқ бош мураббий билан шартнома икки томонлама келишувга кўра бекор қилинган ва “дўстона муносабатлар” сақланиб қолинган. Шартноманинг амал қилиш муддати 2025 йил эди.

Катанец ҳозирда мураббийликни тўлақонли амалга ошира олмаслигини афсуслик билан таъкидлаган. У уюшмага доимий қўллаб-қувватлаганлиги ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон терма жамоасига футбол бўйича жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида омад тилаб қолган.

Ўз ўрнида Ўзбекистон футбол уюшмаси ҳам Сречко Катанецга миннатдорчилик изҳор қилган ҳолда, унга соғлик-саломатликни тиклаб ва қайта мураббийликка қайтиш тилакларини тилаб қолган.

Катанец бошличилиги остида Ўзбекистон терма жамоаси 20 та расмий ўйинда иштирок этган. Улардан 13 тасида ғалаба қозонган, 5 марта дуранг қайд этган ва 2 та ўйинда мағлубиятга учраган.