Ўзбекистоннинг Андоррадаги биринчи элчиси тайинланди

Фарруҳ Турсунов (элчи)

Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Фарруҳ Турсунов Андорра Князлиги ҳамҳукмдори, Франция президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Князлик — Европадаги кичик давлат бўлиб, Франция ва Испания ўртасидаги Шарқий Пиренейларда жойлашган. У мазкур давлатлар билан боғланган (улар Андорранинг мудофаасини таъминлайди), лекин Европа Иттифоқига аъзо эмас. Ўзбекистон 2009 йил 1 декабрда Андорра билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

Эммануэль Макрон Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Андорра учун муҳим вазифа эканини таъкидлаб, элчининг фаолияти мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

«Биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта аҳамият берамиз ва барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрмиз», — деди у.

Фарруҳ Турсунов 2023 йил декабридан бери Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ҳисобланади. У шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ-Туризм (илгариги БМТ Жаҳон туристик ташкилоти)даги доимий вакили.