
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 апрель куни иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда ҳудудлардаги давлат мулкидан янада самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Расмийлар бундай объектларни бошқаришнинг ягона тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва давлат муассасаларида бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12−15 квадрат метргача қисқартиришни таклиф қилмоқда.
Тақдимотда таъкидланганидек, бу 4,9 млн квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага жалб қилиш, бўш турган биноларни сотувга чиқариш ёки ижарага бериш, шунингдек, сақлаш ва коммунал хизматлар учун харажатларни камайтириш имконини беради.
Умуман олганда, расмий маълумотларга кўра, ҳозирда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналар сони эса 1685 тани ташкил этмоқда. 2025 йили қарийб 30 трлн сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди, бу бюджетга 10 трлн сўмдан ортиқ тушум таъминлади. Ер участкаларини сотиш ҳажми 6 трлн сўмга етди.
Ўзбекистонда хусусийлаштиришда моддий манфаатдорлик тизими жорий этилган: натижада ҳудудлар ихтиёрида 2,6 трлн сўм, маҳаллаларда эса 7 млрд сўм маблағ қолди. Давлат корхоналари бюджетга 49 трлн сўм дивиденд ўтказди, охирги 5 йилда уларнинг сони 60 фоизга камайди.
Шу билан бирга, йиғилишда соҳада ҳал этилмаган масалалар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Хусусан, янги мулкдорларга иш ўринларини сақлаб қолиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича талабларни кучайтириш зарур. 2025 йили самарасиз давлат корхоналари сони 362 тага етди.
Шунингдек, давлат корхоналари фаолиятини таҳлил қилишда рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётгани таъкидланди. 2024 йилда молиявий қийинчиликларга дуч келган 451 та корхона 14 трлн сўм зарар кўрган бўлса, 2025 йили 362 та корхонанинг кўрган зарари 4 трлн сўмни ташкил этди. Шу муносабат билан уларнинг фаолиятини таҳлил қилишни чуқурлаштириш, молиявий барқарорликни баҳолашнинг янги механизмини жорий этиш ва муаммоларни барвақт аниқлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, хусусийлаштириш жараёнида таҳлилий ёндашув ҳали етарли даражада қўлланилмаётгани айтиб ўтилди. Келгусида бу ишларни тармоқ тамойили асосида — ҳар бир секторни алоҳида таҳлил қилиш, ижтимоий-иқтисодий оқибатларни ва рақобат муҳитини баҳолаган ҳолда йўлга қўйиш кўзда тутилган.