
Австриянинг ҳукмрон партиялари 14 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича келишувга эришдилар, деб хабар бермоқда Reuters.
«Биз келгусида болалар ва ёшларни ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатларидан қатъий ҳимоя қиламиз», — деб баёнот берди Австрия вице-канцлери Андреас Баблер.
«Биз бу платформалар болаларимизда қарамликни келтириб чиқараётгани ва кўпинча касалликларга олиб келаётганини шунчаки четдан кузатиб турмаймиз… Улардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар узоқ вақт давомида эътиборсиз қолдирилди, энди ҳаракат қилиш вақти келди», — дея қўшимча қилди.
Баблернинг сўзларига кўра, тақиқни амалга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси июнь ойи охиригача тайёрланади. У ҳужжатда ҳукумат алоҳида платформаларни санаб ўтмаслигини, балки уларнинг алгоритмлари қанчалик қарамлик келтириб чиқариши ва «сексуал зўравонлик» каби контент мавжудлигидан келиб чиқиб қарор қабул қилишини таъкидлади.
2025 йил декабрь ойида Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган шахслар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаган эди. Шунга ўхшаш чоралар Буюк Британия, Франция, Испания ва Дания каби бир қатор мамлакатларда ҳам кўриб чиқилмоқда.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) онлайн маконда болаларни ҳимоя қилиш учун фақат ёш чекловларининг ўзи етарли эмаслигини таъкидлаган эди. Ташкилот бу каби тақиқлар «акс таъсир» кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантириб, кенг қамровли стратегия ишлаб чиқишга чақирган.