Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/03/2026

Президент Янги Тошкентда 55 минг ўринли стадион қурилиши билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 24 март куни Янги Тошкентда йирик футбол стадиони қурилишининг боришини кўздан кечирди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ушбу стадион пойдеворига илк ғишт 2025 йилнинг 11 ноябрь куни президент томонидан қўйилган эди.

Ҳозирда стадион қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда, дейилади хабарда. Ер текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари 95 фоизга бажарилди. Қурилиш майдонига металл конструкциялар босқичма-босқич етказиб келинмоқда.

Аввал хабар берилганидек, 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда футбол бўйича U-20 жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Ушбу жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказиш учун икки давлатда учтадан стадион жалб этилади. ФИФА талабларидан бири — жаҳон чемпионатининг финал ва ярим финал ўйинларини сиғими 50 минг кишидан ортиқ бўлган стадионларда ўтказиш ҳисобланади.

Янги Тошкент стадиони айнан шу мақсадда ФИФАнинг барча талабларига мувофиқ қурилмоқда. У Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол стадионларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Давлат раҳбарига қурилиш ишларининг бориши ҳақида батафсил маълумот берилди.

55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади. Унда нафақат спортчилар, балки ташриф буюрувчилар ҳамда ОАВ вакиллари учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Томошабинларнинг қулай ва тез кириб-чиқиши учун 10 дан ортиқ эскалатор ўрнатиш кўзда тутилган. Туташ ҳудудда яна учта машғулот майдони жойлашади. Стадион яқинида метро станцияси қурилади ва 5500 ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.

Президент Ўзбекистонда илк бор бундай сиғимдаги ёпиқ стадион барпо этилаётганини, шу боис ҳар бир деталга эътибор қаратиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. У туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларини бугунданоқ режалаштириш ва уларни босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини қайд этди.